Ўзбекистонда 9 ойда 270,8 минг тонна балиқ етиштирилди
Жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда балиқчилик соҳаси мисли кўрилмаган ривожланиш босқичига кирди. Яратилган янги имкониятлар ва замонавий ёндашувлар ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширди.
Пойтахтимизда ташкил этилган брифингда соҳага тегишли маълумотлар тақдим этилди. Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида балиқчилик соҳасида юқори кўрсаткичларга эришилган. Хусусан, умумий қуввати 655 миллион дона бўлган 4 та янги инкубация цехи ишга туширилган. Натижада республикадаги жами инкубация цехлари сони 129 тага, уларнинг умумий қуввати эса 6 миллиард 400 миллион донага етказилган. Шунингдек, чавоқ етиштириладиган репродуктор ҳавзалар майдони 250 гектарга кенгайтирилиб, жами 8 550 гектарни ташкил этди. Бу ишлаб чиқариш қувватларини ўтган йилга нисбатан 103 фоизга ошириш имконини берди. Сув ва ер ресурсларидан унумли фойдаланиш мақсадида мавжуд сунъий сув ҳавзаларининг 24 фоизи (15 минг гектари) интенсивлаштирилди. Бундай замонавий ёндашув мазкур ҳавзаларда балиқ етиштириш ҳажмини 3–4 баробарга оширди.
Ички бозорни ранг-баранг маҳсулотлар билан тўлдириш мақсадида форель, осётр ва лосось каби ноёб ҳамда қийматли балиқ турларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда 12 та янги лойиҳа амалга оширилиб, лойиҳаларнинг умумий сони 62 тага, қуввати эса 13 минг тоннага етказилди. Бугунги кунда республиканинг 22 та туманида, жумладан, Балиқчи туманидаги “Чинобод реал бизнес”, Шаҳрисабз туманидаги “Шербекжон” ҳамда Зомин туманидаги “Замин катта имконият” каби етакчи хўжаликларда совуқ сув балиқлари муваффақиятли етиштирилмоқда.
Тармоқнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида Бўка туманида “Green land” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди. Навбаҳор туманидаги “BAO LONG XALQARO” хусусий корхонаси ва Ёзёвон туманидаги “HUALONG SILIAO” (Хитой) қўшма корхонасида қўшимча 60 минг тонналик қувватлар яратилди. Натижада интенсив балиқчилик учун баланслашган омухта ем ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 15 тага, умумий қуввати эса 150 минг тоннага етди.

Давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар ва берилаётган имтиёзлар ўз самарасини бермоқда. Расмий статистик маълумотларга кўра, 2026 йилнинг 9 ойи давомида мамлакатимизда жами 270,8 минг тонна балиқ овланди. Бу кўрсаткич соҳанинг нақадар юқори суръатлар билан ривожланаётганидан ва юртимиз дастурхони янада тўкин бўлаётганидан далолат беради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА