«Биз донормиз!»: инсон ҳаёти учун беминнат кўмак
Инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва оғир хасталикларга чалинган беморларга умид бағишлаш энг олийжаноб қадриятлардан биридир. Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасаларини зарур донорлик қони ва унинг таркибий қисмлари билан узлуксиз таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.
Бу борада жамиятда беғараз донорлик маданиятини шакллантириш ва кўнгиллилар сафини кенгайтиришга қаратилган эзгу ташаббуслар алоҳида ўрин тутади. Ана шундай хайрли тадбирларнинг узвий давоми сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигида «Биз донормиз!» шиори остида навбатдаги хайрия қон топшириш акцияси бўлиб ўтди.

Акцияда Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти, ходимлари ва бошқа кўнгиллилар иштирок этиб, беғараз қон топшириш орқали эзгу ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Бугунги кунда тиббиёт муассасаларида, айниқса, шошилинч тиббий ёрдам ва онкогематология бўлимларида донорлик қонига бўлган эҳтиёж доимий равишда мавжуд. Донорлик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш ва тиббиёт муассасаларини сунъий равишда яратиб бўлмайдиган қон захиралари билан таъминлаш учун зарур. Қонни бирор лаборатория ёки заводда ишлаб чиқаришнинг иложи йўқ. Шу сабабли уни фақат соғлом инсонларнинг беғараз ёрдами орқали олиш мумкин.

Мазкур тадбир донорлик маданиятини ривожлантириш, қон қуйишга муҳтож инсонларга ёрдам бериш, жамиятда меҳр-оқибат ва ўзаро бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Ҳар бир донорнинг ҳиссаси инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилиши мумкин.
Гулноза Бобоева,
ЎзА