Янги Ўзбекистон спорт инфратузилмаси Дохада эътироф этилди
Қатар пойтахти Доха шаҳрида Халқаро чим устида хоккей федерацияси (FIH) нинг 50-конгрессида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари, мамлакат чим устида хоккей федерацияси раиси Авазжон Каримов бир қатор муҳим учрашувлар ўтказди.
Жумладан, Халқаро хоккей федерацияси президенти Тайяб Икрам, FIH бош директори Мике Жойcе, Осиё минтақаси хоккей раҳбарияти, шунингдек, Япония, Ҳиндистон, Таиланд, Малайзия, Қатар, Нидерландия ва Белгия давлатлари миллий чим устида хоккей федерациялари мутасаддилари билан чим устида хоккейни ривожлантириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда истиқболдаги имкониятлар юзасидан фикр алмашди.

Мулоқотлар жараёнида янги Ўзбекистоннинг тобора янгиланган спорт инфратузилмасида чим устида хоккейнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланганлиги, замонавий спорт мажмуалари бунёд этилганлиги, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар бошқа мамлакатларга андоза бўлиши таъкидланди.
Конгресс давомида чим устида хоккейни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, янги стратегик ташаббуслар, миллий федерациялар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда мазкур спорт турининг оммавийлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Халқаро олимпия қўмитасининг “Fit for the Future” ташаббусини қўллаб-қувватлаш ҳамда чим устида хоккейининг ривожланишига қаратилган “Made For Hockey 2032+” янги истиқболли дастури маъқулланди.
Т. Рўзиев, ЎзА