Параосиё ўйинлари қаҳрамонлари тантанали кутиб олинди
Жорий йилнинг 19-24 октябрь кунлари Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтган V Параосиё ўйинларида иштирок этган мамлакатимизнинг матонатли паралимпиячилари юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ушбу нуфузли мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва иштирокчиларини тантанали кутиб олиш маросими ташкил этилди. Шу муносабат билан бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, паралимпиячиларимизнинг ота-оналари, журналистлар йиғилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ва бошқалар қатнашди.
Маросимда Сенат Раиси Танзила Норбоева Президентимиз табригини ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, маросимда иштирок этган ҳукумат вакиллари, вазирлик, ташкилот мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, шоирлар, санъаткорлар Параосиё ўйинлари, спортчиларимиз эришган ғалабалар хусусида тўлқинланиб сўзлади.


Ўзбекистонлик пара спортчилар қитъамизнинг энг нуфузли комплекс мусобақаси – V Параосиё ўйинларида муносиб иштирок этиб, мамлакатимизнинг улкан спорт салоҳиятини намоён этди. Аждодлари буюк миллатнинг авлодлари ҳам буюк ишларга қодирлигини, юртимиз ёшлари мардлик ва жасоратда, шижоат ва матонатда, иқтидору истеъдодда ҳеч кимдан кам эмаслигини, аксинча, манаман деган давлат ёшларидан устун эканини исботлади.
Спортчиларимизнинг яқиндагина ХХ ёзги Осиё ўйинларида халққа улашган, элнинг қаддини, ғурур-ифтихорини тоғдек кўтарган музаффар онларининг ҳовури босилмай туриб, яна ғалаба нашидаси, бахтиёр лаҳзалар шукуҳи қалбларимизни чулғаб олди.
Япония мамлакати мезбонлик қилган V Параосиё ўйинларида вакилларимиз эришган натижалар ана шундай туйғуларни халқимизга яна бир бор бахшида этди. Қитъа миқёсидаги ушбу нуфузли спорт анжуманида 45 та мамлакат вакиллари 18 та спорт тури бўйича ғолиблик учун баҳслашди.
Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси аъзолари 11 спорт дастурида иштирок этиб, улар орасида пара енгил атлетика, пара дзюдо, пара сузиш, пара пауэрлифтинг, пара таэквондо ва пара велоспорт турлари бўйича ўтказилган шиддатли беллашувларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, жами 145 та медалга сазовор бўлди.
...Орзиқиб кутилган дамлар – Паралимпиячиларимиз улкан ҳаво кемасидан қўлларида Ватанимиз байроғини мағрур кўтарган ҳолда чиқиб келмоқда. Карнай-сурнай садолари, кутиб олишга йиғилганларнинг “Ўзбекистон!" деган ҳайқириғи ғалаба қувончини янада оширади.

Ғолиб ва совриндор спортчиларимиз номидан сўзга чиққан Маржона Пардабоева халқимизнинг ишончи, давлатимизнинг ёшларга қаратаётган юксак эътибор ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдирди. Келгусида бунданда юксак ғалабаларни қўлга киритишга ваъда берди.
Ўзбекистон спортчилари V Параосиё ўйинларида ўз маҳорати, матонати ва шижоатини тўла намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ишонамиз, келажакдаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, 2030 йили Қатарда бўладиган VI Параосиё ўйинларида бунданда салмоқли натижаларга эришилади.
Зеро, ирода ва матонат тимсоли бўлган спортчиларимизга яратилаётган шароит, жисмоний тарбия ва спортнинг янада оммалашиши борасида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ютуқлар салмоғи юксак бўлишига замин яратиши тайин.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов иштирок этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Тўлқин Рўзиев,
Алмурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА