Хитойда ўтадиган жаҳон чемпионатида Акбар Жўраев ва Руслан Нуриддинов қатнашадими?
Жорий йилнинг 27 октябрь – 8 ноябрь кунлари Хитойнинг Нингбо шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида дунё оғир атлетикасининг энг номдор спортчилари бўлган ҳамюртларимиз - Руслан Нуриддинов ва Акбар Жўраев иштирок этадими?
Бугун кўпчилик спорт ишқибозлари қаторида чемпионатда қатнашиш учун тайёргарлик кўраётган бошқа давлатларнинг спортчи ва мураббийлари ҳам шу масалани билишга қизиқмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоаси мураббийлар кенгаши жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган таркибни эълон қилди.

Унга кўра, ўз вазн тоифаларида терма жамоамиз аъзолари Адҳамжон Эргашев, Сарварбек Зафаржонов, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Акбар Жўраев, Шарофиддин Амриддинов эркаклар мусобақаларида совринли ўринларга даъвогарлик қилса, аёллар ўртасидаги баҳсларда Нигора Абдуллаева, Нигора Сувонова, Ригина Адашбоева ўз омадини синовдан ўтказади.

Кўриниб турибдики, Хитой спорт майдонларида оғир атлетикачилар ўртасида кечадиган шиддатли курашларда Руслан Нуриддинов қатнашмайди. Акбар Жўраев эса -110 килограмм вазнда ўз чемпионлигини ҳимоя қилади.

Куни кеча Туркияда мазкур жаҳон чемпионати олдидан ўқув машғулот йиғинида қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг бир гуруҳи Хитойга етиб борди.
Айни пайтда Туркияда машғулот олиб бораётган А.Жўраев етакчилигидаги терма жамоамизнинг иккинчи таркиби ноябрь ойининг дастлабки кунларида чин юртига йўл олади.

Айтиш лозимки, чемпионат 27 октябрь куни бошланса, оғир атлетикачиларимиз 28 октябрдан баҳсларга киришади. Мусобақалар 8 ноябрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, маҳоратли спортчимиз Акбар Жўраев мусобақалардаги иштирокини 6 ноябрь куни ўтказади.
Т.Рўзиев,
ЎзА