“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” танловига старт берилди
Мамлакатимизда ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда меҳнат бозори талабларига мос мутахассисларни тайёрлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танлови ана шу мақсадларни амалий рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи муҳим лойиҳалардан бири сифатида ташкил этилди.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 8 апрелдаги “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низоми асосида ўтказилмоқда. Унда 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган техникум ўқувчилари, талабалар, ёшлар ҳамда банд бўлмаган аҳоли вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун беллашади.
Тадбир “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси доирасида ёшларнинг касбий маҳоратини қўллаб-қувватлаш, уларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига кенг жалб этиш, шунингдек, замонавий касбларнинг нуфузини ошириш мақсадида ташкил этилди.
[gallery-29655]
Танловда техникум ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ҳамда муайян касб-ҳунар эгаллаш истагидаги фуқаролар иштирок этмоқда. Бу эса лойиҳанинг меҳнат бозорига киришга интилаётган кенг қатламни қамраб олаётганини кўрсатади.
Тадбирга ҳудудлардан вакиллар ZOOM платформаси орқали уланиб, жараённи кузатиб борди. Шу билан бирга, барча ҳудудларда танловнинг очилиш маросимлари параллел тарзда ташкил этилди.
Танлов 10 та устувор йўналиш бўйича ўтказилмоқда. Жумладан, электромонтаж, пайвандлаш технологияси, сантехника, тиббий ва ижтимоий ғамхўрлик, қуруқ қурилиш ва сувоқ ишлари, сартарошлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, мода технологиялари, ошпазлик ҳамда компьютер графикаси йўналишларида иштирокчилар ўз билим ва амалий кўникмаларини намоён этмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур танлов иқтисодиётнинг реал секторида талаб юқори бўлган касбларни оммалаштириш, ёшларда амалий касбларга қизиқишни ошириш ва уларни мустақил даромад манбаига эга бўлишга рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” танлови ёшларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни замонавий меҳнат бозорига тайёрлаш ҳамда меҳнатга асосланган муваффақият маданиятини шакллантиришга хизмат қилувчи муҳим платформа сифатида баҳоланмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси бошқаруви раиси Қаҳрамон Қуронбоев иштирок этди.
Камола Юсупова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА