Замонавий космик технологияларини қўллаш истиқболлари
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети – Green University ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказида “Ўзбеккосмос” агентлигининг Ерни масофадан зондлаш, геоахборот тизимлари технологиялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси тупроқ ва ўсимлик қопламини таҳлил қилиш соҳасидаги инновацион фаолияти” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда марказ ходимлари, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти профессор-ўқитувчилари, олимлар, мутахассислар ва талабалар иштирок этишди.
Семинар давомида иштирокчиларга “Ўзбеккосмос” агентлигининг Ерни масофадан зондлаш технологиялари, геоахборот тизимлари (ГАТ), ҳудудларни рақамли мониторинг қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг тупроқ ва ўсимлик қопламини таҳлил қилиш соҳасидаги фаолияти тўғрисида тақдимот ўтказилди.

Ер ресурсларини баҳолаш, қишлоқ хўжалиги ҳудудларини мониторинг қилиш, экологик вазиятни ўрганиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда космик суратлар ва замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, агрокимёгар олим, марказ директори ўринбосари А.Мирзамбетов ГАТ технологияларидан фойдаланган ҳолда тупроқ ва ўсимликларни рақамли хариталашнинг долзарб масалалари бўйича тушунтиришлар бериб, уларнинг илмий тадқиқотлар ва амалий фаолият учун муҳимлигини таъкидлади.
Семинар очиқ ва конструктив руҳда ўтказилиб, илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий космик ва геоахборот технологияларини оммалаштириш, шунингдек, уларни экология, қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида қўллаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА