Эътибор ва ғамхўрлик: эҳтиёжманд оилаларга қувонч улашилмоқда
Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги қарорига мувофиқ, эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб турмуш кечиришлари учун зарур шароит яратишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Айниқса, Қурбон ҳайити арафасида таъмирланган хонадонларнинг эгаларига топширилаётгани юртдошларимизга байрамона кайфият ва қўшимча қувонч бағишламоқда. Чунки уй инсон учун нафақат яшаш маскани, балки хотиржамлик ва ишонч манбаи ҳамдир.

Жумладан, Косон туманининг Қуйбоғ маҳалласида яшовчи 42 ёшли Шавкат Аминов ана шундай ғамхўрликдан баҳраманд бўлган фуқаролардан бири. У икки нафар фарзанднинг отаси. Ёшлигидаги бахтсиз ҳодиса туфайли I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатга олинган. Оиланинг асосий даромади ногиронлик ҳамда болалар нафақасидан иборат.
Оила боқувчиси бўлишига қарамасдан, меҳнатга лаёқатсизлиги туфайли турмушда қатор қийинчиликларга дуч келган фуқаронинг хонадони таъмирлаб берилди. Бу эса нафақат бир оилага кўрсатилган амалий ёрдам, балки инсон тақдирига бефарқ бўлмасликнинг яна бир ифодаси бўлди.

Эътиборлиси, бугун Шавкат Аминов каби юзлаб оилалар ҳаётига қувонч кириб келмоқда. Бу каби эзгу ишлар инсон қадри улуғланаётган, ижтимоий ҳимоя ва манзилли ёрдам тизими изчил такомиллашиб бораётган Янги Ўзбекистоннинг амалий ифодасидир.

Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятида жорий йилда 359 та эҳтиёжманд оиланинг хонадонини таъмирлаш режалаштирилган. Бу эса аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини ошириш ва ҳаёт сифатини яхшилаш йўлидаги ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Ўлмас Баротов, ЎзА