Янги марказ — тиббий хизмат сифатини ошириш йўлида муҳим қадам
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ОИТСга қарши курашиш марказининг янги биноси фойдаланишга топширилиб, муассасанинг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланди. Бу ерда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш учун кенг имкониятлар яратилди.
Янги бинода замонавий диагностика лабораториялари, қулай қабулхона ва даволаш хоналари, шунингдек, тиббиёт ходимлари учун зарур иш шароитлари яратилган. Бу ОИВ инфекциясини аниқлаш бўйича текширувлар қамровини кенгайтириш, беморларга сифатли тиббий ва руҳий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни зарур дори воситалари билан таъминлаш имконини беради.
Мазкур лойиҳа доирасида 1 миллион 250 минг АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилди. Натижада марказнинг диагностика имкониятлари сезиларли даражада кенгайди. Хусусан, лабораториянинг кунлик таҳлил ўтказиш қуввати аввал 2 мингтани ташкил этган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич 10 мингтага етказилди.
[gallery-31123]
Эндиликда марказ олдида турган асосий вазифалардан бири профилактик тадбирлар самарадорлигини янада оширишдан иборат. Зеро, ОИВ инфекциясининг олдини олишда тиббий имкониятлар билан бир қаторда аҳолининг касаллик, унинг юқиш йўллари ва олдини олиш чоралари ҳақидаги билим ва тушунчаларини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис марказ фаолиятида тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, хавф гуруҳларига кирувчи фуқаролар ўртасида профилактик тадбирларни изчил ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Реконструкциядан сўнг замонавий қиёфа касб этган марказда тиббий хизмат кўрсатиш жараёнини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш, профилактика ва эрта ташхислаш имкониятларини янада кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА