Яман ҳукумати ҳусийларга қарши ҳарбий чоралар кўриш тарафдори
Яман ҳукумати мамлакатни куч билан назорат қилишга уринмоқда, чунки ўлкадаги ҳусий ташкилоти - “Ansar Allah” билан можарони тинч йўл билан ҳал қилишнинг иложи бўлмаяпти.
Бу ҳақда Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматининг режалаштириш ва халқаро ҳамкорлик вазири Афра Абдулазиз аль-Зуба “Asharq Al-Awsat” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Вазир халқаро хавфсизликка тўхталар экан, минтақадаги барқарорликни қирғоқ зонасини назорат қилиш билан бевосита боғлади. Унинг айтишича, қуруқлик таҳдидлар учун бошланғич нуқта бўлиб қолса, Қизил денгизда кемаларни ҳимоя қилиш қисман ечим бўлиб қолади, Баб ал-Мандеб бўғозидаги хавфсизлик эса тўғридан-тўғри қирғоқдан бошланиши керак.
Аль-Зуба сўзларига кўра, Яман дипломатияси халқаро ёрдамни кучайтириш, гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш ва ҳусийларнинг қонуний ҳукумат сифатида тан олинишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА