Яккасаройда “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” бўлиб ўтди
Ишсизликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш йўлида муҳим қадам ташланди. Фуқаролар ва иш берувчиларни бирлаштирган тадбир орқали янги имкониятлар яратилди.
Юртимизда Президент ташаббуслари асосида аҳоли учун манфаатли бўлган қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шундай ташаббуслардан бири меҳнат бозорида шаффофликни таъминлаш, ишсиз аҳолини муносиб иш ўринлари билан таъминлашдир. Бунинг натижасида камбағаллик сезиларли даражада қисқариб бормоқда.

Ана шундай ислоҳотларнинг мантиқий давоми ўлароқ, Яккасарой туман ҳокимлиги ва Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси ҳамкорлигида аҳоли бандлигини таъминлаш, иш излаётган фуқароларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш ҳамда иш берувчилар билан бевосита мулоқот майдонини яратиш мақсадида “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ташкил этилди.

Ярмаркада туман масъуллари, ташкилот ва корхона раҳбарлари, иш берувчилар ҳамда туманда истиқомат қилувчи иш излаётган фуқаролар иштирок этдилар.
Тадбир давомида фуқароларга мавжуд бўш иш ўринлари, меҳнат шароитлари ва ишга жойлашиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Иш берувчилар билан юзма-юз суҳбатлар ташкил этилиб, фуқароларнинг касби, тажрибаси ва қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда муносиб иш ўринлари таклиф этилди.
Таъкидлаш керакки, бу каби ярмаркалар аҳоли бандлигини ошириш, фуқароларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш ҳамда иш берувчи ва иш изловчилар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА