Аёллар тадбиркорлиги: халқаро тажриба ва янги имкониятлар
Тошкентда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан мактабгача таълим соҳасида фаолият юритаётган 30 нафар тадбиркор аёл иштирокида икки кунлик ўқув дастури бошланди. Тадбирда бизнесни рақамлаштириш, молиявий бошқарув ва халқаро тажрибани ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Hamroh” аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан ташкил этилган ушбу икки кунлик анжуман аввалида иштирокчилар рақамли технологиядан фойдаланиш, иш жараёнини автоматлаштириш, бюджетни режалаштириш ва харажатни мақбуллаштириш бўйича амалий билимини мустаҳкамлади. Иккинчи кун халқаро таълим дастурлари, изланишга асосланган ўқитиш усуллари ҳамда хусусий таълим муассасаларини бошқариш ва кенгайтириш йўллари ўрганилади.
[gallery-31962]
Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад – тадбиркор аёлларнинг бизнес кўникмасини ошириш, тажриба алмашиш имкониятини кенгайтириш ва хизмат сифатини оширишга кўмаклашиш. Аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури “Hamroh” компанияси ташаббуси билан йўлга қўйилган бўлиб, БМТ Тараққиёт дастури томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида йўлга қўйилган.
Мусулмон Зиё, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА