Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига сифатли тақдим этилиши керак
Адлия вазирлигида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Европа Иттифоқининг Твининг дастури экспертлари иштирокида ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идораларнинг норма ижодкорлиги ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш учун масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида таъкидланганидек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифати нафақат ҳуқуқий нормаларнинг пухта ишлаб чиқилиши, балки уларнинг амалиётдаги эҳтиёжларга мувофиқлиги, эҳтимолий таъсирининг тўғри баҳоланиши ва жамоатчилик фикрининг қай даражада инобатга олиниши билан ҳам белгиланади.
Шу нуқтаи назардан, жамоатчилик муҳокамаси фуқаролар ва бошқа манфаатдор томонларга ўз фикр ва таклифларини билдириш имконини берувчи механизм бўлиш билан бирга, ишлаб чиқилаётган қарорларнинг асослилиги ва амалий самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Европа Иттифоқининг Твининг дастури доирасида сўнгги икки йил давомида норма ижодкорлиги сифатини ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда тартибга солиш таъсирини баҳолаш механизмларини ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ушбу йўналишларда халқаро тажрибани ўрганиш, миллий амалиётни такомиллаштиришга қаратилган ёндашувларни ишлаб чиқиш ва масъул ходимларнинг касбий салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Вазирлик ва идоралар ходимлари учун махсус ўқув дастурлари, семинарлар ва амалий машғулотлар ташкил этилди. Уларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, тартибга солишнинг эҳтимолий оқибатларини баҳолаш, муқобил ечимларни таҳлил қилиш ва асосланган қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ масалалар қамраб олинди.
Мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш учун тегишли ҳуқуқий асослар ва электрон имкониятлар яратилган. Амалдаги қонунчиликда лойиҳаларни жамоатчилик ёки профессионал муҳокамага қўйиш, манфаатдор шахсларнинг таклиф ва мулоҳазаларини олиш ҳамда уларни кўриб чиқиш механизмлари назарда тутилган.
Шу билан бирга, жамоатчилик муҳокамасининг самарадорлиги фақат лойиҳани электрон платформага жойлаштириш ёки таклифларни қабул қилиш билан чекланмайди. Муҳими, муҳокамада тегишли манфаатдор томонларнинг иштирокини таъминлаш, билдирилган фикрларни мазмунан таҳлил қилиш ва уларни инобатга олиш натижаларини тушунарли тарзда асослашдир.
Амалиётда лойиҳалар юзасидан мазмунли таклифларни олиш, муайян соҳадаги мутахассислар ва бевосита манфаатдор шахсларни муҳокамага жалб этиш, шунингдек, келиб тушган таклифларни тизимли умумлаштириш масалалари муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис жамоатчилик муҳокамасини ташкил этишда электрон платформалар билан бир қаторда, очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари, мақсадли маслаҳатлашувлар, сўровномалар ва фокус-гуруҳлар каби қўшимча усуллардан фойдаланиш имкониятларини ўрганиш долзарбдир.

Семинар-тренинг давомида халқаро экспертлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш бўйича маърузалар билан иштирок этди.
Иштирокчилар учун амалий кейс-машқлар ташкил этилди. Уларда муайян вазиятлар мисолида жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш, манфаатдор гуруҳларнинг фикрларини ўрганиш ва таклифларни баҳолаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Тадбирда жамоатчилик муҳокамасини тартибга солиш таъсирини баҳолаш жараёни билан уйғунлаштириш масаласи ҳам муҳим экани қайд этилди. Зеро, қарорларнинг эҳтимолий оқибатларини баҳолашда манфаатдор томонларнинг фикрларини ўрганиш муаммонинг кўламини аниқлаш, муқобил ечимларни солиштириш ва мақбул қарорларни ишлаб чиқишга кўмаклашади.
Семинар-тренинг якунида норма ижодкорлиги жараёнининг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, халқаро тажрибани миллий амалиётга мослаштириш ҳамда масъул ходимларнинг касбий салоҳиятини изчил ошириб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА