Судлар халқимизнинг адолат қўрғонига айланмоқдами?
Сурхондарё вилоят судида жорий йилнинг 9 ойида одил судловни рўёбга чиқариш юзасидан амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят суди раиси Толиб Байзаков йилнинг ўтган даврида воҳада одил судловни амалга ошириб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш юзасидан бажарилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Анжуманда қайд этилдики, вилоят судлари инсон қадрини улуғлаб, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда суд процессига замонавий ҳуқуқий механизм ва институтларни жорий этиш орқали халқчил, адолатли суд тизимини барпо этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Президентимизнинг 2026 йил 14 августдаги “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги фармони одил судловга оид халқчил мақсадларни самарали амалга оширишда муҳим дастуруламал бўлмоқда. Хусусан, вилоятда жиноят ишлари бўйича судлари йилнинг ўтган даврида 4 минг 495 нафар шахсга нисбатан 3 минг 534 та жиноят ишини кўрган. Шу даврда 1 минг 252 та сайёр суд мажлислари ўтказилди. Бу жами кўриб тамомланган ишларнинг 35,4 фоизини ташкил этади. Жиноятларнинг олдини олиш учун жиноят содир этилишига йўл қўйган ва шарт-шароит яратган шахсларга нисбатан 2 минг 233 та хусусий ажрим чиқарилди. 42 минг 580 нафар шахсга нисбатан 33 мингта маъмурий иш кўриб чиқилиб, тамомланди. Фуқаролик ишлари бўйича судларда 21 минг 61 та фуқаролик иши, 36 та ҳакамлик судининг қарорларига доир ишлар ва 8 минг 553 та материал кўриб, тамомланди. Уларнинг 450 таси ёки 2,1 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. Суд таъсир чорасини қўллаш мақсадида 367 та хусусий ажрим чиқарилди. Фуқаролик судларида 80 минг 926 та ариза суд буйруғи тартибида ҳал этилди. 12 минг 401 та иқтисодий иш кўриб чиқилиб, тамомланди.

Суд қарорларининг ўзгартирилиши ва бекор қилиниши бўйича йилнинг ўтган даврида юқори инстанцияда 1 минг 7 нафар шахсга нисбатан 825 та жиноят иши кўрилиб, 206 нафар шахсга нисбатан 167 та жиноят иши ўзгартирилди. 27 шахсга нисбатан 23 та жиноят иши бекор қилинди. 708 шахсга нисбатан юқори инстанцияда кўрилган 680 та маъмурий ишларда 126 та иш ўзгартирилган, 130 та иш бекор қилинган.
Матбуот анжуманида фуқаролик ишлари ва иқтисодий ишлар бўйича ўзгартирилган ёки бекор қилинган суд қарорлари хусусида ҳам тегишли маълумот берилди. Судларда кўрилган ишларнинг ўсиш ва камайиш динамикаси таҳлил қилиниб, фирибгарлик, гиёҳвандлик ва оилавий (маиший) зўравонликка оид жиноят ишлари, никоҳдан ажратиш, суғурта ва кредит шартномасига доир фуқаролик, олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш ва кредит шартномасига оид иқтисодий ишлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли ошгани, қасддан одам ўлдиришга оид жиноят иши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайгани, 8 нафар шахсга оқлов ҳукми чиқарилгани таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари вилоятда аёллар, вояга етмаганлар ва олтмиш ёшдан ошганлар жиноятчилиги тўғрисида ҳам етарли маълумотга эга бўлди. Одил судловни таъминлаш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири