XX ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
Японияда 45 га яқин миллий терма жамоалар иштирокида ўтказиладиган "Аичи-Нагоя-2026" ёзги Осиё ўйинларининг бошланишига 64 кун қолди.
Шу қисқа фурсатда тўрт йилда бир марта ўтадиган ёзги Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш, керакли натижаларга эришиш мамлакатимиз спортчилари олдида турган энг асосий вазифа ҳисобланади.

Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамроҳлигида айни кунларда мамлакатимиздаги мавжуд спорт федерацияларда, миллий терма жамоаларда йилнинг энг муҳим спорт тадбирларидан бири бўлган “кичик олимпиада”га тайёргарлик жараёнлари билан танишилмоқда. Таҳлиллар асосида зарур тавсиялар берилмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон енгил атлетика ва чим устида хоккей федерацияларида ўтказилган учрашувларда Осиё ўйинларига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Муҳокамалар жараёнида терма жамоалар таркибини шакллантириш, спортчиларнинг жорий спорт формаси ва индивидуал кўрсаткичлари, халқаро мусобақалар тақвими, лицензион мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда XX ёзги Осиё ўйинларигача бўлган тайёргарлик дастури кўриб чиқилди.
Ҳар икки спорт тури бўйича истиқболли спортчиларни тайёрлаш, мураббийлар фаолиятини такомиллаштириш, спортчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда тайёргарликнинг барча босқичларини тизимли ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Т. Рўзиев, ЎзА