Вилоят ҳокими ёш китобхонлар билан учрашди
Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни мутолаага кенг жалб этиш ва маънавий камолотини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Бу эса республика миқёсида ўтказилаётган нуфузли танловларда бухоролик ёшларнинг муносиб иштирокида яна бир бор намоён бўлди.
Шу муносабат билан вилоят ҳокими Ботир Зарипов тарихий ва бетакрор муҳитга эга “Пойи Калон” мажмуасида “Ёш китобхон” республика танлови ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг ота-оналари билан самимий учрашув ўтказди. Учрашув давомида вилоят раҳбари ёшларни қўлга киритган улкан ютуқлари билан муборакбод этиб, уларнинг келгусида илм-фан, ижод ва ҳаёт йўлида янада катта муваффақиятларга эришишини тилади.
Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда Бухоро ёшлари нафақат мамлакат миқёсида, балки халқаро майдонларда ҳам ўз билим ва иқтидори билан муносиб иштирок этиб келмоқда. “Ёш китобхон” танловида қўлга киритилган натижалар эса вилоятда китобхонлик маданияти юксалаётгани, ёшлар орасида мутолаага қизиқиш тобора кучайиб бораётганининг ёрқин ифодаси бўлди.
Маълумки, “Ёш китобхон” республика танлови мамлакатимизда ёшларни маънавий камолотга етаклаш, уларнинг дунёқараши ва тафаккурини бойитишга хизмат қилаётган энг нуфузли интеллектуал лойиҳалардан бири ҳисобланади. Муросасиз баҳслар, кескин ақл-заковат синовлари ва юксак тайёргарлик руҳида кечган финал босқичида 10–14 ҳамда 15–19 ёш тоифалари бўйича энг билимдон китобхонлар сараланди.
[gallery-29654]
Қувонарлиси, ҳар икки ёш тоифасида ҳам бухоролик ёшлар ғолиб ва совриндорлар сафидан муносиб ўрин олди. Хусусан, иқтидорли ёш китобхон Фарзона Носирова финал босқичида барча рақибларини ортда қолдириб, фахрли 1-ўринни қўлга киритди. У Президент совғаси — замонавий “BYD Chazor” электромобили билан тақдирланди. Бу нафақат Фарзона учун, балки бутун Бухоро аҳли учун катта фахр ва ифтихор бўлди.
Шунингдек, 15–19 ёш тоифасида яна бир бухоролик истеъдод эгаси — Моҳинур Ҳошимова ҳам юқори натижа қайд этиб, фахрли 3-ўринни эгаллади. Унинг муносиб иштироки 50 миллион сўмлик пул мукофоти билан тақдирланди. Бу каби ютуқлар Бухоро ёшларининг билимга чанқоқлиги, мустақил фикрлаши ва юксак интеллектуал салоҳиятини намоён этмоқда.
Учрашув жараёнида “Пойи Калон” мажмуасига ташриф буюрган хорижий сайёҳлар билан ҳам самимий мулоқот ўтказилди. Суҳбатлар давомида Ўзбекистонда ёшлар таълими, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва бой тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида фикр алмашилди.
Айниқса, Бухоронинг қадимий илм-маърифат маркази сифатидаги нуфузи меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир якунида Бухоро давлат педагогика институти талабалари томонидан тайёрланган жонли ижродаги концерт дастури барча иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди. Миллий куй-қўшиқлар, дилбар тароналар ва ижодий чиқишлар учрашувга янада файз бағишлади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари