Фуқаро авиацияси соҳасида халқаро ҳамкорлик ривожланади
Бухоро вилоятида фуқаро авиацияси соҳасида халқаро ташкилотлар ва етакчи экспертлар билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик вилоятнинг инвестицион ва туристик жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг Европа ва Шимолий Атлантика бюроси (EUR/NAT) минтақавий директори Николас Ралло билан учрашув ўтказди.
Учрашувда томонлар авиация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, глобал авиация тизимини ривожлантириш ва замонавий талаблар асосида такомиллаштириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Хусусан, авиация инфратузилмасини модернизация қилиш, парвозлар хавфсизлигини янада ошириш, халқаро стандартлар асосида хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда Бухоро аэропорти имкониятларини кенгайтириш масалалари суҳбат марказида бўлди.

Учрашув давомида жаноб Николас Ралло Ўзбекистонда, жумладан, Бухоро вилоятида фуқаро авиацияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. У мамлакатдаги барқарор ўсиш, инфратузилма янгиланиши ва авиация соҳасидаги очиқлик сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан ижобий қабул қилинаётганини таъкидлади.
–Мен асли италияликман. Ўзбекистонга бир неча бор келганман, аммо Бухорога илк бор ташриф буюришим. Шуни алоҳида айтиш керакки, Бухоро нафақат Ўзбекистонда, балки Италиянинг энг чекка ҳудудларида ҳам яхши танилган тарихий шаҳар ҳисобланади. Кўплаб инсонлар бу ердаги бетакрор меъморий обидаларни зиёрат қилишни орзу қилади. Маълумки, хорижлик сайёҳ учун мамлакатга кириш эшиги аэропортдир. Шу боис авиақатновларни кенгайтириш ва қулай логистика яратиш туризм ривожида ҳал қилувчи аҳамиятга эга, –деди Николас Ралло.
Мазкур фикрлар Бухоронинг халқаро туризм харитасидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади. Дарҳақиқат, кейинги йилларда Бухоро шаҳрида туризм инфратузилмаси, меҳмонхона хизматлари ва транспорт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижлик меҳмонлар оқимининг ортишига хизмат қилмоқда.
Учрашувда вилоят раҳбари томонидан авиация соҳасида қатор истиқболли таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, хорижий авиакомпаниялардан самолётларни лизинг асосида жалб қилиш, юк ташувчи авиакомпаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, Бухорога хорижий давлатлардан қорамол етказиб бериш учун ҳаво логистикаси тизимини шакллантириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Бухоро халқаро аэропорти фаолиятини такомиллаштириш мақсадида илғор хорижий аэропортлар билан тажриба алмашиш, стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш ва инвестицион мулоқотларни кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Айниқса, Бухоронинг туризм салоҳиятини халқаро авиакомпаниялар орқали тарғиб қилиш ғояси алоҳида аҳамият касб этди. Самолёт бортидаги инфлайт медиа платформалари, реклама каналлари ва халқаро маршрутлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумотларни кенг ёритиш вилоятнинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Мутахассислар фикрича, бундай ҳамкорликлар нафақат авиация соҳасини, балки туризм, ташқи савдо, логистика ва инвестиция муҳитини ҳам ривожлантиришда муҳим омил бўлади.
Учрашув якунида томонлар фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро тажриба алмашишни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири