Бунёдкорлик йўлидаги эзгу қадамлар
Йил сайин ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли юртимиз шаҳар ва туманлар қиёфаси тубдан янгиланмоқда. Маҳаллаларни обод қилиш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш борасидаги ишлар бугун ҳар бир манзилда яққол намоён бўлмоқда.
Ҳар бир манзилда замонавий шаҳарсозлик ёндашувлари асосида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, архитектура ва қурилишда миллийлик ҳамда замонавийлик уйғунлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги боғлар, истироҳат масканлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ёритиш тизимлари ҳамда коммунал тармоқларнинг янгиланиши нафақат ҳудудлар кўриниши, балки одамлар ҳаёт сифати ўзгаришига ҳам хизмат қилмоқда.

Хусусан, Тошкент вилояти маркази бўлган Нурафшон шаҳри ҳам давлат томонидан тасдиқланган бош режага кўра “Nurafshon city” ҳудудида бунёдкорлик ишлари авжида. Бу ерда давлат ва жамоат ташкилотларининг маъмурий бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилиб, кўп қаватли турар-жой биноларини қуришда белгиланган талабларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энди аввалги Тўйтепанинг оддий ҳовли уйлари бирин-кетин ўз ўрнини баланд биноларга бўшатиб бермоқда.

Хусусан, Миграция агентлигининг Тошкент вилояти филиалининг маъмурий биноси қурилишига старт берилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда дастлаб бинонинг лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Жараёнда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев иштирок этди.
Замонавий меъморий ечимлар ва қурилиш стандартлари асосида барпо этиладиган 4 қаватли бинонинг умумий майдони 2540 квадрат метрни ташкил этади. Лойиҳада ходимлар учун қулай ва самарали меҳнат шароитларини яратиш, аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Бинода замонавий ўқув-амалиёт ва хорижий тилларни ўргатиш хоналари, хизмат хоналари, узоқ ҳудудлардан келиб таҳсил олувчилар учун ётоқхона, мажлислар зали, автотураргоҳ ҳамда обод ва яшил ҳудудлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Тақдимот давомида мутахассислар ва мутасаддилар томонидан лойиҳани белгиланган талаблар асосида янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, мазкур маъмурий бинони жорий йил якунига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилаётгани таъкидланди. Тадбирда мамлакатимизда фуқароларнинг хорижда қонуний, хавфсиз ва муносиб меҳнат қилиши учун яратилаётган имкониятлар, меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, Қуръон тиловат қилиниб, хайр-саховат ва эзгу ният рамзи сифатида қўй сўйилди. Нуронийлар ва фахрийлар юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ҳамда ушбу масканнинг эл-юрт манфаати йўлида хизмат қилишини тилаб дуо қилди.
Бундан ташқари, Нурафшон шаҳрида яна бир муқаддас маскан қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Ҳудуд тарихида алоҳида ўрин тутган мазкур қадамжо 2019 йилда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхатига киритилган бўлиб, бугунги кунда муҳим тарихий-маънавий масканларидан бири сифатида эътироф этилади.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ташаббуси билан мазкур манзилда кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, мажмуа ҳудуди кенгайтирилиб, замонавий инфратузилма яратилди, яшил ҳудудлар барпо этилди ҳамда зиёратчилар учун барча қулай шароитлар ташкил этилди. Шу билан бирга, масканнинг тарихий қиёфасини асраб-авайлаш ва унинг маънавий аҳамиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Муборак Қурбон ҳайити арафасида ушбу муқаддас қадамжонинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда “Мушук ота” қадамжосининг бой тарихини чуқур ўрганиш, уни ёш авлодга етказиш ҳамда юртдошлар орасида кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Мазкур бунёдкорлик ишлари юртимизда муқаддас қадамжоларни асраш, тарихий меросни тиклаш ва халқимизнинг маънавий қадриятларини улуғлаш борасида олиб борилаётган эзгу ишларнинг яна бир амалий ифодасидир.
А.Мусаев, ЎзА.