Сайёр қабуллар: фуқаролар мурожаати эътиборда
Аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни таъминлаш, фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича мурожаатларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, уларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиш ҳамда ҳуқуқий муаммоларини тезкор ҳал этиш мақсадида Олий суд раиси ўринбосари А.Шукуров бошчилигида Қорақалпоғистон Республикасида суд масалаларига бағишланган сайёр қабуллар ташкил этилди.
Жумладан, Чимбой ва Амударё туманларида ўтказилган сайёр қабулларда жами 40 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Қабул жараёнларида аҳолининг суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалари атрофлича ўрганилиб, ҳар бир мурожаат бўйича қонунчилик талаблари асосида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг 22 таси жиноят иши, 13 таси фуқаролик иши ҳамда 5 таси маъмурий судлов йўналишига тўғри келади. Қабуллар давомида фуқароларнинг 21 та мурожаати юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилиб, амалдаги қонунчилик асосида уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кенг тушунтирилди. Қолган 19 та ариза ва шикоят эса қонуний тартибда кўриб чиқиш ва тегишли чоралар кўриш учун иш юритувига олинди.

Таъкидлаш жоизки, бундай сайёр қабуллар аҳолининг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир мурожаат ортида турган муаммони чуқур ўрганиш ҳамда одил судловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, мурожаатлари ижобий ҳал этилган 9 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Олий суд раиси номига ёзма ташаккурнома йўллаб, аҳоли дардига қулоқ тутилаётгани, мурожаатларга эътибор ва адолатли ёндашув таъминланаётганини алоҳида эътироф этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.