Вилоят босқичи ғолиби аниқланди
Сирдарё вилоятида маҳаллаларда фаолият юритаётган ёшлар етакчилари ўртасида ташкил этилган “Сирдарёлик китобхон ёшлар етакчиси” танловининг вилоят финал босқичи якунланди. Мутолаа маданиятини кенг тарғиб қилиш, китобхонликни оммалаштириш ва маҳаллалардаги илғор тажрибаларни рағбатлантиришга қаратилган мазкур танловда ҳудуднинг энг фаол ёшлар етакчилари иштирок этишди.
Танлов давомида қатнашчилар тўртта шарт бўйича билим ва салоҳиятларини намоён этишди. Жумладан, “Бадиий асар билимдони” шартида белгиланган адабий асарлар бўйича билимлари синовдан ўтказилди. “Менинг маҳаллам – китобхон маҳалла” шартида эса иштирокчилар ўз ҳудудларида китобхонлик маданиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот қилишди.


“Сирдарёлик адиблар ҳаёти ва ижоди” шарти доирасида қатнашчилар вилоят адабий муҳити намояндалари ҳақида маълумот берган бўлса, “Интеллектуал ринг” босқичида 30 та саволдан иборат тест синовларида куч синашди. Тест саволлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда китобхонликни оммалаштиришга қаратилган лойиҳалар асосида шакллантирилди.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг билим даражаси, интеллектуал салоҳияти ва тақдимот маҳоратини ҳар бир шарт бўйича баҳолаб боришди.


Якуний натижаларга кўра, Ховос тумани “Истиқлол” маҳалласи ёшлар етакчиси Қурбонбой Мирсидиқов биринчи ўринни қўлга киритиб, “Сирдарёлик китобхон ёшлар етакчиси” деб топилди. Иккинчи ўрин Оқолтин тумани “Янги давр” маҳалласи ёшлар етакчиси Моҳира Абдумажидовага, учинчи ўрин эса Мирзаобод тумани “Мирзачўл” маҳалласи ёшлар етакчисига насиб этди.
Танлов низомига мувофиқ барча иштирокчилар диплом ва китоблар билан тақдирланишди. Ғолибга эса “Сирдарёлик китобхон ёшлар етакчиси” кўкрак нишони “Ташаббуслар марафони” доирасида тантанали равишда топширилади.



Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА