Шоҳмирзо Умаров: “Ҳар бир эътироф инсон зиммасига янада катта масъулият юклайди” (+видео)
Жорий йилнинг 22 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида “Сифатли давлат бошқаруви” дастури доирасида ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат бошқаруви тизимида юқори натижаларга эришиб, ўзининг касбий маҳорати, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан ажралиб турган раҳбар ва мутахассис ходимлар муносиб эътироф этилди.
Қувонарлиси, мазкур танловда “Ўзатом” агентлигининг Ядро энергетикаси ва ядро технологияларини жорий этиш бўлими бош мутахассиси Шоҳмирзо Умаров “Энг намунали мутахассис ходим” сифатида эътироф этилди.
Шоҳмирзо Умаров билан суҳбатимиз мазкур эътирофнинг аҳамияти, унинг бугунги фаолияти, амалга ошираётган лойиҳалари ва келгусидаги режалари ҳақида бўлди.
–“Сифатли давлат бошқаруви” дастури доирасида “Энг намунали мутахассис ходим” деб топилдингиз. Ушбу эътироф зиммангизга қандай масъулият юклайди?
– Бу эътироф мен учун юксак шараф ва айни пайтда катта масъулиятдир. Ушбу мукофотни фақат шахсий ютуғим сифатида эмас, балки биргаликда меҳнат қилаётган жамоамизнинг саъй-ҳаракатларига берилган баҳо сифатида қабул қиламан.
Ҳар бир эътироф инсон зиммасига янада катта масъулият юклайди. Бу каби ишонч инсонни ўз устида янада кўпроқ ишлашга, билим ва тажрибасини оширишга ундайди.
Айниқса, давлатимиз раҳбари иштирокида ўтказилган тадбирда мазкур мукофотни қабул қилиш мен учун унутилмас воқеа бўлди. Бу нафақат шахсий фаолиятимга берилган баҳо, балки мамлакатимизда ёш мутахассисларга яратилаётган имкониятлар ва билдирилаётган ишончнинг ёрқин ифодаси.
– Ҳозирги кунда “Ўзатом” агентлигидаги фаолиятингиз ҳамда педагогик йўналишдаги ишларингиз қай тарзда уйғунлашган?
– Мен “Ўзатом” агентлигининг Ядро энергетикаси ва ядро технологияларини жорий этиш бўлими бош мутахассиси сифатида фаолият юритаман. Асосий вазифаларим мамлакатимизда ядро энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, уларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш жараёнларида иштирок этишдан иборат.
Хусусан, атом электр станциясини минтақамиз иқлим шароитларига мослаштириш бўйича техник ечимларни ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикасининг ядро тиббиёти стратегиясини шакллантириш, миллий ядро тиббиёти марказини ташкил этиш ҳамда радиацион стерилизация лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларида фаол иштирок этяпман.
Шунингдек, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида кичик модулли реакторлар технологиясидан масъулиятли фойдаланиш учун зарур инфратузилмани шакллантиришга қаратилган дастур доирасидаги ҳамкорлик ишларини мувофиқлаштиришда ҳам қатнашяпман.
Таълимни келажакка қўйилган энг муҳим сармоя сифатида кўраман. Шу сабабли, Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университети филиалида ҳам фаолият олиб бораман.
Ҳозирги кунда талабаларга “Реактор физикаси”, “Нейтронлар транспорти назарияси”, “Python дастурлаш”, “Маълумотларни қайта ишлаш” каби фанлардан сабоқ бериб келяпман. Дарс жараёнида уларда таҳлилий фикрлашни ривожлантириш, мураккаб масалаларга илмий ёндашувни шакллантириш ҳамда назарияни амалиёт билан боғлаш кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаман.
Мамлакатимизда ядро технологиялари соҳасида халқаро даражада рақобатлаша оладиган малакали ёш олимлар ва муҳандислар мактабини шакллантириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
– Фаолиятингиз давомида қандай амалий натижаларга эришдингиз?
– Энг муҳим натижалардан бири атом электр станцияси учун қуруқ совутиш технологиясини қўллаш бўйича таклифларимиз билан боғлиқ. Ўзбекистоннинг сув ресурслари чекланганини ҳисобга олган ҳолда, ушбу ечим атом электр станциясида сув сарфини анъанавий АЭСларга нисбатан 10 бараваргача камайтириш имконини беради. Ичимлик сувига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётган бугунги шароитда бундай ёндашув нафақат экологик барқарорликни таъминлайди, балки Ўзбекистонни сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга асосланган замонавий атом энергетикаси моделини жорий этаётган илғор давлатлар қаторига олиб чиқади.
Шунингдек, ядро тиббиёти стратегиясини ишлаб чиқиш жараёнида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирларни шакллантириш ишларида иштирок этдик. Бу эса келажакда аҳоли учун замонавий ядро тиббиёти ташхис ва даволаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш ва уларнинг оммабоплигини таъминлашга хизмат қилади.
– Инновацион ёндашувлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Инновация - мавжуд муаммоларга янгича ечим топиш демак. Ядро энергетикаси соҳасида эса инновациялар хавфсизлик, самарадорлик ва ресурслардан оқилона фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ.
Бугунги кунда рақамли технологиялар имкониятларидан фаол фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, “ВВР-СМ” тадқиқот реакторининг рақамли эгизагини яратиш бўйича ишларни амалга оширдик. Бу технология турли жараёнларни олдиндан моделлаштириш ва оптималлаштириш имконини беради.
Шу билан бирга, ядро технологиялари ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга ҳам эътибор қаратяпмиз. Чунки бу каби йирик лойиҳаларни амалга оширишда аҳоли билан очиқ мулоқот ва ишонч муҳим аҳамият касб этади.
– Келгуси режаларингиз қандай?
– Олдимизда турган вазифалар жуда кўп ва улар изчил амалга оширилиши зарур. Энг асосий мақсадлардан бири - атом энергияси ва ядро технологияларининг имкониятларидан мамлакатимиз ривожи учун самарали фойдаланиш. Бу нафақат атом энергетикасини ривожлантириш, балки ядро технологияларини тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, саноат ва илмий тадқиқотлар соҳаларига кенг жорий этишни ҳам назарда тутади.
Шунингдек, соҳа учун юқори малакали миллий кадрларни тайёрлаш, халқаро даражада рақобатбардош олимлар ва муҳандислар мактабини шакллантириш ҳам муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Келгусида Ўзбекистонни атом энергетикаси ва ядро технологиялари соҳасида минтақавий билим ва компетенциялар марказига айлантиришда муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qdstjXmRqxU" title="Shohmirzo Umarov: “Har bir e’tirof inson zimmasiga yanada katta mas’uliyat yuklaydi”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.