Маҳаллий Кенгашлар фаолияти ва ижтимоий соҳалардаги ишлар ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси О. Қозихонова, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати Д. Меҳмонова ҳамда вилоят Кенгаши котибияти мудири Ш. Каримов иштирокида қатор йўналишларда ўрганиш ва сайёр қабул ўтказилди.
Дастлаб, Халқ депутатлари Бувайда, Учкўприк, Данғара туманлари ҳамда Қўқон шаҳар Кенгашлари котибиятлари фаолияти танқидий ўрганилди. Жараёнда сессияларни ташкил этиш, доимий комиссиялар фаолияти, депутатлик сўровлари ва мурожаатлар билан ишлаш, депутатлик назоратини таъминлаш ҳамда ҳужжатлар юритилиши ҳолати таҳлил қилинди. Шунингдек, котибиятлардаги ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари ва моддий-техник таъминот даражасига алоҳида эътибор қаратилди. Ўрганиш якунларида фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди.
[gallery-29958]
Шунингдек, Фарғона шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида амалга оширилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари ҳам кўздан кечирилди. Қиймати 12 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида синф хоналари, маъмурий бинолар ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш ишлари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, “Опен бюджет” асосида барпо этилган замонавий стадион лойиҳаси ҳам ўрганилиб, ушбу объект ўқувчилар учун спорт билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириши таъкидланди.
Сенатор О. Қозихонованинг Фарғона шаҳрида фуқаролар иштирокида ўтказган сайёр қабули давомида соғлиқни тиклаш, имтиёзли кредит олиш, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлик масалаларига оид мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларнинг аксариятига ечим топилди. Барча мурожаатлар назоратга олинди.
Шунингдек, вилоят Ёшлар ишлари бошқармасида сенатор иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш, бандлик ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ёшлар ўз таклиф ва ташаббусларини билдириб, фикр-мулоҳаза алмашди.
Якунда барча йўналишларда олиб борилаётган ишлар аҳоли, айниқса ёшлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА