Велоспортчилар сараланди
Жиззах вилоятида 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ҳамда 18 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида шоссе велоспорти бўйича мамлакат чемпионати ўтказилди. Тўрт кун давом этган мусобақаларда республика ҳудудларидан ташриф буюрган энг сара спортчилар ғолиблик учун кураш олиб борди.
Муросасиз ва қизғин беллашувлар якунида бир қатор жамоалар юқори натижаларни қайд этди.
40 километрлик “Микст” жамоавий эстафетада Жиззах вилояти жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Самарқанд вилояти иккинчи, Сирдарё вилояти эса учинчи ўринни эгаллади.

30 километрлик “Микст” жамоавий эстафетанинг ўсмирлар ва ўсмир қизлар баҳсида Сирдарё вилояти жамоаси ғолиб бўлди. Тошкент вилояти кумуш, Самарқанд вилоятининг биринчи жамоаси бронза медалига сазовор бўлди.
40 километрлик жамоавий пойгада ёшлар ўртасида Хоразм вилояти вакиллари олтин медални қўлга киритган бўлса, 30 километрлик жамоавий пойгада ўсмирлар ўртасида РОПСТТМ жамоаси ғолиб бўлди.
Мусобақа мамлакатимизда велоспортни оммалаштириш, иқтидорли ёш спортчиларни саралаб олиш ҳамда халқаро мусобақалар учун муносиб захира тайёрлаш йўлида муҳим аҳамият касб этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА