МДҲ ПА кенгаши мажлисида Ўзбекистоннинг очиқ парламент тамойилларига оид тажрибаси тақдим этилди
Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Парламентлараро ассамблеяси (ПА) баҳорги сессияси бўлиб ўтди. Тадбир доирасида ПА кенгашининг мажлиси ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация ҳамда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон парламентлари раҳбарлари иштирок этди.

МДҲ ПА кенгаши раиси, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко бошқарган мажлисда МДҲ давлатларида сайловларда халқаро кузатувни ташкил этиш кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлди.
Хусусан, МДҲ ПА халқаро кузатувчиларининг Қирғиз Республикаси Жогорку кенеши депутатларининг муддатидан илгари сайлови ҳамда Қозоғистон Республикасининг янги Конституциясини қабул қилиш бўйича республика референдумида иштирок этгани муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари демократик ислоҳотларни амалга ошириш, инсон қадрини улуғлаш ҳамда очиқ парламент тамойилларини илгари суриш борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди.
Ассамблеянинг 2025 йилдаги фаолияти натижалари, 2026-2028 йилларга мўлжалланган намунавий қонунлар бўйича истиқболли режа лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Инсонпарварлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди. Хусусан, “Илм-фан ва таълим ривожига қўшган ҳиссаси учун” МДҲ ПА фахрий нишонини таъсис этиш масаласи кўриб чиқилди. Мазкур мукофот илмий изланишларда юқори натижаларга эришган ёш олим ва мутахассисларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, “Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришдаги хизматлари учун” фахрий нишони ҳамда “МДҲ ПА - 35 йил” юбилей нишони тасдиқланди. Шу билан бирга, рус тилини ривожлантириш ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшганларни рағбатлантириш мақсадида Людмила Вербицкая номидаги МДҲ ПА мукофоти таъсис этилди.
2026 йилги Чингиз Айтматов номидаги халқаро мукофотни Беларусь халқ ёзувчиси Николай Чергинецга топшириш таклифи ҳам кўриб чиқилди.
Тадбир якунида МДҲ ПА доимий комиссиялари раҳбарлари тасдиқланди. Шунингдек, ассамблеянинг кузги сессиясини Ашхобод шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА