Ҳиндистонда ўзбек шоираси китоби тақдимоти ўтказилди
Халқаро эътироф
Таниқли ўзбек шоираси Хосият Рустамова ижоди халқаро миқёсда ҳам тобора юксалиб бормоқда. Шоиранинг хорижда нашр этилган 29-китоби “Кўнгилга чўккан юлдуз” деб номланди ва бенгал тилида Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрида чоп этилди.
22 май куни Калкуттанинг Hindistan international тадбирлар мажмуасида ушбу китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Унда адабиётшунос олимлар, таржимонлар, шоир-ёзувчилар, китобхонлар, шунингдек, шеъриятнинг руҳий қудратини ифодалаш мақсадида бир гуруҳ санъат намояндалари ҳам иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан Шамик Банержи, фантастик ёзувчи Сайкат Ракшит, актёр ва эссенавис Анирбан Бҳаттачаря ва қатор зиёлилар Хосият Рустамова шеъриятида инсон руҳиятининг теран ифодаланиши, умумбашарий ғояларнинг юксак тараннум этилиши, ҳаёт фалсафасининг бетакрор бадиий талқини ҳақида фикр билдирди.

Айниқса, шоиранинг шеърлари бенгал китобхонлари қалбига жуда яқин экани алоҳида таъкидланди. Тадбирнинг энг эсда қоларли жиҳати, тақдимот сўнгида китоб муаллифи сўзга чиқиб, Робиндранат Тагор ижоди ва у яшаган Калкутта заминига чексиз меҳр ифодаси изҳор этганда, сарҳад билмас адабиётнинг сеҳрли кучи, инсон қалбидаги эзгу туйғулар тантанаси эвазига бу куҳна дунё янада тиниқ тортиши борасидаги фалсафий мулоҳазаларини тинглаганда йиғин иштирокчиларининг кўзларида ёш қалқди.
Мазкур тадбирда ҳиндистонлик ОАВ вакиллари билан биргаликда Ўзбекистондан ташриф буюрган “Менинг юртим” канали тележурналисти Юлдуз Файзий ҳамда оператор Акром Ғуломов ҳам қатнашди.
Халқлар ўртасида адабий ва абадий дўстлик кўпригини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшиб келаётган ўзбек шоираси ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Изларим” кўрсатуви учун лавҳалар олинди.
“Кўнгилга чўккан ҳилол” китобининг бенгал тилида нашр этилиши ва эътирофга сазовор бўлиши замонавий ўзбек адабиётининг жаҳон адабий майдонидаги ўрни мустаҳкамланаётганидан далолатдир.
Бундан ташқари, шоиранинг Лондон, Вьетнам, АҚШ, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Туркия, Руминия, Украина, Сербия, Тожикистон, Қозоғистон ва яна бир қанча мамлакатларда китоблари чоп этилган.
ЎзА