Рақамли тизим газ таъминотида шаффофликни таъминламоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилоятида суюлтирилган газ таъминоти тизими изчил такомиллаштирилиб, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга олиб чиқилмоқда. Айниқса, соҳага замонавий рақамли ечимлар, хусусан, “FACE ID” — юзни таниш тизимининг жорий этилиши хизматлар шаффофлигини таъминлаш ва инсон омилини камайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур тизим тоғли Бахмал туманида ҳам босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу эса хизмат кўрсатиш тезкорлигини ошириш, шунингдек, суюлтирилган газни адолатли ва шаффоф тақсимлаш имконини беряпти.
Бугунги кунда тумандаги 30 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 22 минг 600 нафардан ортиқ истеъмолчи суюлтирилган газдан фойдаланади. Жорий йилнинг биринчи чорагида аҳоли эҳтиёжини қондириш мақсадида 734 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган.
— Рақамли тизим иш самарадорлигини сезиларли даражада оширди, - дейди «Бахмалтумангаз» газ таъминоти бўлими ходими Ёқуб Исроилов. — Янги жорий этилган “FACE ID” тизими орқали газ баллонларини тарқатиш жараёни тўлиқ назоратга олинди. Энди ҳар бир истеъмолчи ўзига тегишли газ баллонини шахсини тасдиқлаган ҳолда қабул қилиб олмоқда. Бу ортиқча тушунмовчиликларнинг олдини олиб, ҳисоб-китобнинг аниқ юритилишига хизмат қилмоқда.
Айни пайтда туманда 23 мингдан ортиқ айланма маиший газ баллони мавжуд бўлиб, қўшимча равишда 60 дона захира баллони шакллантирилган. Бу эҳтиёж ортиб борадиган мавсумларда, айниқса, тоғли ҳудудларда аҳолини узлуксиз таъминлаш имконини беради.
[gallery-29595]
Ҳудуддаги Нушкент маҳалласи аҳолиси ҳам мазкур янгиликдан мамнун. Маҳалла истиқоматчиси Мунаввар Исроилованинг таъкидлашича, янги тизим туфайли газ баллонларини олишда навбатлар қисқарган, маҳсулот эса ўз вақтида ва ҳаққоний тарзда хонадонларга етказиб берилмоқда.
Умуман, Бахмал туманида суюлтирилган газ таъминоти тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар очиқлик, шаффофлик ва барқарорлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бундай замонавий ёндашувлар аҳолининг газ ресурсларидан фойдаланиш жараёнини янада қулай, хавфсиз ва ишончли этмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА