Вазир фермерлар билан янги мавсум режаларини муҳокама қилди
Қишлоқ хўжалигида келгуси мавсум муваффақияти бугунги тайёргарликка боғлиқ. Ерни ўз вақтида тайёрлаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва бозор талабларини ҳисобга олиш эса юқори ҳосилдорликнинг муҳим омилларидир. Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг Сирдарё вилоятига ишчи сафари давомида Боёвут туманидаги AKIS марказида вилоят фермерлари иштирокида амалий семинар ўтказилди. Унда куз-қиш мавсумида бажарилиши лозим бўлган агротехник тадбирлар, ер майдонларини янги мавсумга тайёрлаш ҳамда қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялардан фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Дастлаб далаларни полиэтилен плёнка қолдиқлари ва томчилатиб суғориш шлангларидан тозалаш, ерларни текислаш, ариқлар ва дала чегараларини тартибга келтириш, бегона ўтларни йўқотиш каби вазифаларга эътибор қаратилди. Шунингдек, йўл ёқалари ва дала атрофларида пластик чиқиндиларни йиғиш учун махсус қутилар ўрнатиш таклиф этилди. Бу борада ҳар бир фермер хўжалиги ўз имкониятидан келиб чиқиб ташаббус кўрсатиши зарурлиги таъкидланди.

Семинарда қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан қайта фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, «Бизпандо» компанияси вакиллари билан ҳамкорликда ғўзапоядан биочар (биокўмир) ишлаб чиқариш ишлари бошлангани маълум қилинди. Мазкур технология пахта йиғим-теримидан кейин далаларда қоладиган ғўзапояни қайта ишлаш, ундан фойдали маҳсулот олиш ва тупроқ унумдорлигини ошириш имконини беради.
Пахтачиликда қўлланилаётган янги технологиялар, жумладан, Шинжон технологияси асосида рангли плёнкалардан фойдаланиш тажрибаси ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда синовдан ўтказилган кўк рангли плёнка маҳаллий иқлим шароитига мос келиши ва пахтанинг одатдагидан 15 кун олдин пишиб етилишига имкон бергани қайд этилди. Шу боис келгуси мавсумда ушбу тажрибани кенгайтириш тавсия қилинди.
Экинларни етиштиришда мулчалаш усулини кенг жорий этиш, пахтачиликда уруғчилик ишларини тўғри ташкил қилиш, сараланган ва сифатли уруғлик чигитдан фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди. Зеро, уруғлик сифати келгуси ҳосилдорликка бевосита таъсир кўрсатадиган муҳим омиллардан биридир.
Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб пахта етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясига тўлиқ ўтиш устувор вазифа сифатида белгиланаётгани таъкидланди. Бу жараёнда фермерларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, зарур шарт-шароитлар ва молиявий енгилликлар яратиш, мавжуд муаммоларни эса масъул раҳбарлар иштирокида жойида ҳал этиш муҳимлиги қайд этилди.

Ғалла майдонлари ва боғларни қишки мавсумга тайёрлаш масалалари ҳам батафсил кўриб чиқилди. Жумладан, ғалла экинларига бор, кремний ва аспирин асосидаги эритмалар билан ОВХ аппарати ёрдамида ишлов бериш тавсия этилди. Бундай агротехник тадбирлар экинларнинг қишки тиним даврини соғлом ўтказиши ва келгуси мавсумда мўл ҳосил шаклланишига кўмаклашиши таъкидланди.

Фермерлар билан мулоқотда экин майдонларини жойлаштиришда бозор конъюнктурасини ҳисобга олиш зарурлиги ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Пахта ва ғалладан ташқари етиштириладиган маҳсулотлар ҳажми ички ва ташқи бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб режалаштирилиши лозим. Акс ҳолда, муайян маҳсулотнинг бир ҳудудда ҳаддан ташқари кўп етиштирилиши таклифнинг талабдан ошиб кетиши ва нархларнинг пасайишига сабаб бўлиши мумкин.
Янги даромад манбаларини яратиш мақсадида вертикал усулда маҳсулот етиштириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу технологиядан шаҳар шароитида, ҳатто хонадонларда ҳам фойдаланиш мумкин. Фермер хўжаликларида эса дала бошлари ва мавжуд майдонлардан оқилона фойдаланиб, қўшимча маҳсулот етиштириш орқали даромадни ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Балиқчилик ва шоличиликни уйғунлаштириб ривожлантириш, жумладан, сув ҳавзаларида бир вақтнинг ўзида шоли ва балиқ етиштириш технологияси ҳам иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Бундай ёндашув сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, икки хил маҳсулот етиштириш ҳамда фермерлар даромадини кўпайтириш учун қўшимча имконият яратади.
Семинар якунида фермерларга агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришни бозор талабларига мослаштириш ҳамда келгуси мавсумга пухта тайёргарлик кўриш бўйича тавсиялар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири