Сирдарёда касаба уюшмалари фаолияти эътироф этилди
11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Сирдарё вилоятидаги қатор корхона ва ташкилотларда байрам тадбирлари ташкил этилди. Уларда меҳнат жамоалари, касаба уюшмалари фаоллари ва соҳа фахрийлари иштирок этишиб, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди.
Гулистон шаҳридаги "Регистон" тантаналар уйида агросаноат мажмуи тизимида меҳнат қилаётган ходимлар иштирокида ўтказилган байрам тадбирида Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Иномжон Шакиров, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов ҳамда тармоқ Республика кенгаши раиси ўринбосари Эркин Бойниёзов қатнашиб, йиғилганларни қутлади.
Тадбирда агросаноат мажмуи ходимларининг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш, улар учун хавфсиз иш муҳитини яратиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш борасидаги ишлар хусусида сўз юритилди. Йил давомида самарали фаолият кўрсатиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган ходимлар меҳнати эътироф этилди. Шунингдек, анъанавий кўрик-танловлар ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Жумладан, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан ўтказилган Республика кўрик-танловининг «Энг яхши касаба уюшмаси қўмитаси» номинациясида «Indorama Agro» МЧЖ бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин эса вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси касаба уюшмаси қўмитасига насиб этди.
— Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхонада касаба уюшмаси ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш дастлаб осон кечмади, — дейди «Indorama Agro» МЧЖ бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Шерзод Алибоев. — Корхонамизда касаба уюшмаси 2021 йилда ташкил этилган. Дастлаб қўмита аъзоси сифатида фаолият бошлаган бўлсам, 2023 йилда бошланғич ташкилот раиси этиб сайландим. Бугунги кунда ходимларнинг мазмунли дам олиши, спорт билан шуғулланиши, соғломлаштириш тадбирларида қатнашиши, оромгоҳларга йўлланмалар ажратиш ва саёҳатлар ташкил этиш тизимли йўлга қўйилган. Бу эътироф, аввало, аҳил жамоамизнинг биргаликдаги меҳнати самарасидир.
Корхонада меҳнат муҳофазаси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ходимларни мунтазам ўқитиш, зарур ҳимоя воситалари билан таъминлаш устувор вазифалардан ҳисобланади. Бу мақсадлар учун ҳар бир ходим ҳисобига ўртача 5 миллион 900 минг сўм маблағ сарфланмоқда.
Байрам тадбирида соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган икки нафар фидойи ходим Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
[gallery-32433]
Шу куни Гулистон тиббиёт кластерида ҳам касаба уюшмалари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакили Жаҳонгир Ихтиёров, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят кенгаши раиси Акбархон Асқаровлар иштирок этишиб, меҳнат жамоасини қўшалоқ байрам билан табриклашди.
Мулоқот давомида тиббиёт ходимларининг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касаба уюшмаларининг бу борадаги ўрни хусусида фикр алмашилди.
Кластерда ходимларнинг нафақат меҳнат фаолияти, балки соғлом турмуш тарзига амал қилиши, спорт билан шуғулланиши учун ҳам мунтазам шароит яратилаётгани таъкидланди. Бунинг яққол мисоли сифатида яқинда ўтказилган «Вазир ва раис кубоги» мусобақасида тиббиёт кластери жамоасининг ғолибликни қўлга киритгани эътироф этилди. Тадбир сўнггида бир гуруҳ фаол ходимларга эсдалик совғалари топширилди.
Сирдарё электр станциясида ташкил этилган байрам тадбирида эса электр энергияси ишлаб чиқаришдек масъулиятли жараёнда меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш борасидаги ишларга эътибор қаратилди. 1 минг 200 нафар ходим фаолият юритаётган корхонада касаба уюшмаси қўмитаси меҳнат муносабатларини мустаҳкамлаш, ишчи-ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.
Камола Мусаева раҳбарлик қилаётган бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти учун жорий йил муваффақиятларга бой бўлди. Жумладан, «Меҳнат муҳофазасини намунали ташкил этиш бўйича бошланғич ташкилот кўрик-танлови»нинг республика босқичида учинчи, «Электр энергияси ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш» йўналишида эса иккинчи ўринни қўлга киритди.
Тадбирда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари кенгаши раиси корхона ишчи-ходимларини байрам билан табриклаб, жамоанинг меҳнатдаги ютуқлари ва касаба уюшмаси фаолиятини юқори баҳолади. Шундан сўнг ходимлар ўртасида ташкил этилган спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Касаба уюшмалари куни муносабати билан «MMX PRO» МЧЖ да ҳам байрам тадбири ташкил этилди. Эътиборлиси, мазкур корхона Гулистон шаҳрида ўтказилган умумвилоят тадбирида бир йўла икки номинация — «Энг фаол ташкилот» ҳамда «Ёшлар учун энг кўп иш ўрни яратган корхона» ғолиби деб топилган эди.
Шу муносабат билан корхонада ўтказилган тадбирда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов корхона раҳбариятига Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширди.
Беш йилдан буён қоп ишлаб чиқариш йўналишида фаолият юритаётган корхона бугунги кунда 150 нафар кишини иш билан таъминлаган. Маҳсулотларнинг экспортга йўналтирилаётгани эса ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб, корхона салоҳияти ортиб бораётганидан далолат беради.
Корхона бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раиси Ирода Булатова ҳам жамоада соғлом меҳнат муҳитини шакллантириш, ходимлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фаол иш олиб бормоқда.
Дарҳақиқат, касаба уюшмалари фаолиятининг самараси фақат ўтказилган тадбирлар, берилган мукофот ва рағбатлантиришлар билан эмас, балки ҳар бир ходимнинг меҳнат жойида ўзини ҳимояланган ҳис қилиши, саломатлиги ва хавфсизлиги таъминланиши, муаммо ва таклифлари эътиборсиз қолмаслиги билан белгиланади.
Сирдарёда касаба уюшмалари куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирлари ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўлида олиб борилаётган ишларнинг ўзига хос сарҳисоби бўлди. Эътироф этилган ютуқлар, тақдирланган фаоллар ва меҳнат жамоаларидаги ҳамжиҳатлик эса инсон қадри, меҳнат ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш доимо эътибор марказида бўлиши лозимлигини яна бир бор намоён этди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА