«Таълим ва касб»: ёшлар учун жаҳоннинг нуфузли олийгоҳлари эшиги очилмоқда
Бугунги тезкор ва рақобатбардош замонда ёшларнинг тўғри касб танлаши ҳамда сифатли олий таълим олиши нафақат уларнинг шахсий муваффақияти, балки мамлакатнинг келажак тараққиёти учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Минглаб мактаб битирувчилари ва абитуриентлар олдида турган энг муҳим саволлардан бири ҳам шу: қайси олийгоҳни танлаш, халқаро грантларни қандай қўлга киритиш ва замонавий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисга айланиш.
Ушбу саволларга аниқ ва ишончли жавоб топиш, ёшлар ва нуфузли таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот майдонини яратиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Таълим ва касб» халқаро таълим кўргазмасининг кузги мавсумига старт берди. Мазкур йирик таълим фестивали нафақат ёшларга, балки фарзанди келажагига бефарқ бўлмаган ота-оналарга ҳам маҳаллий ва хорижий университетларнинг имкониятлари билан яқиндан танишиш учун ноёб шароит яратади.
[gallery-32458]
Кўргазма Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Андижон ва Наманган шаҳарларида бўлиб ўтади ҳамда ўқувчилар, абитуриентлар ва ота-оналарга Ўзбекистон ва дунёнинг ўнлаб етакчи олийгоҳлари вакиллари билан бевосита учрашиш имконини бермоқда. «Таълим ва касб» лойиҳасининг бош мақсади — ёшларга келгуси касб ва таълим йўналишини онгли равишда танлашда кўмаклашиш.
Кўргазмада ёшлар ва уларнинг ота-оналари таълим дастурлари, қабул шартлари, ўқиш тўлови, стипендия ва грантлар ҳамда касбий истиқболлар ҳақидаги ишончли маълумотни бевосита университетлардан олади.
Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг фармони ижроси асосида, хусусан, мактабгача таълимдан олий таълимдан кейинги босқичгача узлуксиз таълим тизимини шакллантириш, мактаб, касб-ҳунар ва олий таълим ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг қизиқиш ва қобилиятларини эрта аниқлаш, меҳнат бозори эҳтиёжларига мос мутахассислар тайёрлаш ҳамда етакчи хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликни кенгайтириш каби мақсадларга хизмат қилиб, мактаб, касб-ҳунар ва олий таълимни жонли мулоқотнинг ягона майдонида бирлаштиради.
23 ноябрга қадар давом этадиган мазкур тадбир халқаро мақомга эга бўлиб, унда Буюк Британия, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Туркия, Хитой, Малайзия, Мальта, Польша, Кипр ва бошқа давлатларнинг олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этади.
Ташриф буюрувчилар бир майдонда ўнлаб олийгоҳнинг дастурларини қиёслаш, таълим тили, қабул талаблари, ҳужжат топшириш муддатлари ва ўқиш шароитлари бўйича саволларини бевосита вакилларга бериш имконига эга бўлади.
Гулноза Бобоева,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
ЎзА