Табиатни асраш, келажакни асраш
Ўзбекистон глобал экологик ҳамкорлик ва “яшил” тараққиёт сари
Бугун иқлим ўзгариши, сув танқислиги, чўлланиш ва атроф-муҳит ифлосланиши бутун инсоният олдида турган энг долзарб муаммолардир. Уларнинг ечими эса халқаро ҳамжиҳатлик, қатъий сиёсий ирода ва амалий ҳаракатларни талаб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған таклифига биноан БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси – COP31 тадбирларида иштирок этиш учун Анталия шаҳрига ташрифи мамлакатимизнинг глобал экологик жараёнлардаги фаол ўрнини яна бир бор намоён этди.
Саммит доирасида давлатимиз раҳбари Яшил иқлим фонди ижрочи директори Мафалда Дуэрте билан учрашиб, иқлим ўзгаришига мослашиш ва халқаро иқлим молиясини жалб этиш масалаларини муҳокама қилди. Қўшма лойиҳалар портфели 200 миллион доллардан ошгани қайд этилди. Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига чидамли ландшафтларни яратиш бўйича минтақавий дастур маъқуллангани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Оролбўйини экологик тиклаш ва «яшил» шаҳарларни ривожлантиришга қаратилган инвестиция дастурларини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Президентимизнинг Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо билан учрашувида ҳам стратегик ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон ушбу банкнинг минтақадаги энг йирик молиявий ҳамкори бўлиб, лойиҳалар портфели 7 миллиард доллардан ошган. Банк сармояларининг қарийб 60 фоизи “яшил иқтисодиёт” лойиҳаларига йўналтирилган. Келгуси ҳамкорликда энергетика, қишлоқ хўжалиги, банк соҳасида хусусийлаштириш, Тошкент халқаро молия марказини ишга тушириш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳалари устувор аҳамият касб этади.
Халқаро майдонда илгари сурилаётган мазкур ташаббуслар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Орол фожиаси, сув ресурсларининг камайиши ва чўлланиш жараёнлари Ўзбекистонда экологик сиёсатни тубдан янгилашни тақозо этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сувни тежаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларига айланди. Бугун қарийб 25 миллион аҳоли санитария хизматлари билан қамраб олинган. 276 та корхонада оқова сувларни тозалаш иншоотлари қурилди ва реконструкция қилинди. Бунинг натижасида ҳар йили 21,9 миллион куб метр тозаланмаган оқова сувнинг атроф-муҳитга чиқарилишининг олди олинмоқда.
Иқлим хавф-хатарларини олдиндан аниқлаш мақсадида гидрометеорологик кузатувларнинг автоматлаштирилган тизимлари улуши 76 фоизга етказилди. Экологик таълим ва тарбияга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Яшил университет” ташкил этилди, 14 та “яшил” техникум очилди, 8 мингга яқин жамоатчи экологик инспектор тайёрланди.
Ўзбекистон халқаро экологик ҳамкорликни ҳам изчил кенгайтирмоқда. Давлатимиз раҳбари Дубайдаги COP28, Бокудаги COP29 конференциялари ва 2025 йилда Самарқандда ўтказилган халқаро иқлим форумида сув танқислиги, чўлланишга қарши курашиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Бугун Самарқанд минтақавий экологик дипломатиянинг муҳим марказларидан бирига айланиб бормоқда.
Албатта, экологик ислоҳотлар самараси фақат давлат идораларининг саъй-ҳаракатларига боғлиқ эмас. Бу жараёнда ҳар бир фуқаронинг масъулияти, экологик маданияти ва табиатга муносабати муҳим ўрин тутади. Сувни тежаш, дарахтларни асраш, чиқиндиларни тўғри бошқариш кундалик ҳаётимиз меъёрига айланиши лозим.
Бир пайтлар дунёдаги энг йирик экологик фожиалардан бирини бошдан кечирган Ўзбекистон бугун халқаро ҳамжамиятни янги экологик инқирозларнинг олдини олишга, табиатни асраш йўлида бирлашишга чорламоқда. Зеро, экологик масъулият бугунги кун талаби, табиатни асраш эса келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Гулжан Халмуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси,
Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА