Тараққиёт, қадрият ва фаровонлик уйғунлиги акс этган ҳужжат
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини улуғлаш, ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборат.
– Айниқса, Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, унинг бой тарихи, маданий мероси ва табиий салоҳиятини намоён этишга қаратилган ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этмоқда, – дейди халқ депутатлари Қўнғирот туман Кенгаши депутати Бахтияр Отелбаев. – Яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, маданий-маърифий ҳаёти ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган.

Аввало, қарорда Қорақалпоғистоннинг маданий ва тарихий меросини асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратилгани эътиборга молик. Жумладан, 2027-2028 йилларда И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейининг биринчи блокини 40 миллиард сўм маблағ ҳисобидан реконструкция қилиш режалаштирилганлиги, музейнинг моддий-техник имкониятларини яхшилаш, ноёб санъат асарларини муносиб шароитларда сақлаш ва намойиш этиш, маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар учун янада жозибадор маданий маскан яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, Нукус шаҳрининг “Ғәрезсизлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий ва ноодатий меъморий ечимлар асосида Ҳунармандлар маркази ҳамда аллея барпо этилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, халқ амалий санъати намуналарини кенг тарғиб қилиш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш учун янги имкониятлар яратади. Энг муҳими, ҳунармандлар ўз маҳсулотларини намойиш этиш ва сотиш, шу орқали даромад манбаларини кенгайтириш имкониятига эга бўладилар.
Мўйноқ туманидаги Орол денгизи тарихи музейини модернизация қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга хорижий компанияни таклиф сўрови асосида жалб этиш белгилангани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, Орол фожиаси нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун инсоният тарихида чуқур из қолдирган экологик воқеадир. Унинг тарихини, оқибатларини ва бугунги тикланиш жараёнларини замонавий музей воситалари орқали намойиш этиш келажак авлоднинг экологик маданиятини юксалтириш, халқаро ҳамжамият эътиборини ушбу ҳудудга қаратишда муҳим ўрин тутади.

Қарорда қорақалпоқ халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Бердақ Қарғабай ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилиши белгилангани ҳам миллий қадриятларимизга бўлган юксак эътиборнинг ифодасидир. Бердақ ижоди халқимизнинг тарихи, орзу интилишлари, маънавий дунёси ва миллий ўзлигини ўзида мужассам этган бебаҳо меросдир. Унинг юбилейини кенг нишонлаш орқали буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодини ёш авлодга чуқурроқ танитиш, миллий адабиётимиз ва маънавиятимизга бўлган қизиқишни ошириш имконияти янада кенгаяди.
Қўнғирот тумани аҳолиси учун эса қарорда назарда тутилган яна бир муҳим янгилик – “Қорақалпоғистон” ва “Жаслиқ” шаҳарча фуқаролар йиғинлари ҳудудида “Халқ банки” шохобчаларини ташкил этиш ташаббуси бўлди. Чунки, бугунги кунда банк хизматларидан фойдаланиш ва турли тўловларни амалга ошириш аҳоли учун муҳим эҳтиёжлардан бирига айланган. Банк шохобчаларининг маҳаллалар ҳудудида ташкил этилиши фуқароларнинг оворагарчилигини камайтириш, вақт ва йўл харажатларини тежаш, хизматлардан яшаш жойига яқин ҳудудда фойдаланиш имкониятини яратади.
Айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи кексалар, пенсионерлар ва кундалик юмушлари кўп бўлган фуқаролар учун бундай қулайликлар жуда муҳим. Бу орқали банк хизматларининг аҳолига яқинлашиши таъминланиб, маҳаллалардаги ижтимоий инфратузилма янада такомиллашади.
Умуман олганда, Президентимизнинг мазкур қарорида белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятига кўра бир-бири билан узвий боғлиқ. Бу эса Қорақалпоғистон тараққиётига комплекс ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири