Ўзбекистонда таълим олиш учун асосан Туркманистон ва Ҳиндистон фуқаролари келмоқда
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим олишни истаган хорижий ёшлар сони ортиб бормоқда. Мамлакатимиз таълим муассасаларида таҳсил олиш учун турли давлатлардан келаётган талабалар оқими бугунги статистик кўрсаткичларда ҳам ўз аксини топмоқда. Хўш, жорий йилнинг ўтган 10 ойида Ўзбекистонга қанча хорижлик ўқиш мақсадида келди ва улар асосан қайси давлатлар фуқаролари?
2026 йилнинг январь–октябрь ойларида 57,6 минг нафар чет эл фуқароси ўқиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди. Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробарга кўп.
Жорий йилнинг 10 ойида Ўзбекистонга таълим олиш мақсадида келган хорижий фуқароларнинг асосий қисми Туркманистон ва Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келган.
Хусусан, мамлакатлар кесимидаги кўрсаткичлар қуйидагича:
Туркманистон — 21 206 нафар;
Ҳиндистон — 16 971 нафар;
Тожикистон — 3 724 нафар;
Қирғиз Республикаси — 2 417 нафар;
Хитой — 2 269 нафар;
Покистон — 2 162 нафар;
Миср — 1 677 нафар;
Корея Республикаси — 1 042 нафар;
Филиппин — 1 029 нафар;
АҚШ — 593 нафар;
Туркия — 432 нафар;
Жанубий Африка Республикаси — 385 нафар;
Буюк Британия — 361 нафар;
Эрон — 326 нафар;
Иордания — 314 нафар;
Афғонистон — 254 нафар;
Қозоғистон — 248 нафар;
Бангладеш — 201 нафар;
Непал — 186 нафар;
Россия — 172 нафар.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистонга ўқиш мақсадида келаётган хорижий фуқаролар орасида Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистон вакиллари салмоқли улушни ташкил этмоқда. Бу эса мамлакатимиз таълим муассасаларида таълим сифати ва яратилган шароитлар тобора яхшиланиб, хорижий талабалар учун жозибадорлик ортиб бораётганидан далолат беради.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА