Уйчида ёнғоқни қайта ишлаш ва экспорт қилиш ҳажми ортмоқда
Наманган вилояти Уйчи туманининг Исломобод маҳалласидаги «UYCHI NUTS» масъулияти чекланган жамияти ёнғоқни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланмоқда. Корхонада 31 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган.
Жорий йилда корхона томонидан Туркия ва Руминияга қарийб 7 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинган. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 10 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технологиялар жорий этилган. Хусусан, Хитойда ишлаб чиқарилган қуруқ мева ва ёнғоқларни саралаш ускуналари ўрнатилган. Корхона ойига 450–500 тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Бу ерда икки нафар хитойлик мутахассис ҳам фаолият юритмоқда.
Аҳоли хонадонлари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хитойдан келтирилган ёнғоқларни чақиш ва мағзини ажратиш ишларига маҳаллий аҳоли жалб этилмоқда. Бу, айниқса, хотин-қизларга уй шароитида меҳнат қилиб, қўшимча даромад топиш имконини бермоқда. Ёнғоқ пўчоғидан эса муқобил ёқилғи сифатида фойдаланилмоқда.
Жамият Туркиянинг «GOLDENNUTS GIDA ITHALAT IHRACAT SANAYI VE TICARET LIMITED SIRKETI» корхонаси билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва тозалаш бўйича шартнома имзолаган. Ҳамкорлик доирасида ёнғоқлар чақилиб, мағзи навларга ажратилади, сараланади ва қадоқланган ҳолда Туркия бозорига етказиб берилади.
[gallery-32571]
Корхона фаолиятини кенгайтириш орқали янги иш ўринлари яратиш, хонадонлар даромадини ошириш ҳамда туманнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга эътибор қаратилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА