Банк қарздорлиги учун юк автомобили хатловга олинди
Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти бошқармаси томонидан банклар фойдасига ундирилиши лозим бўлган қарздорликларни қонуний тартибда ундириш ҳамда суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти бошқармаси иш юритувига қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган. Унга кўра, қарздор Х.Х.нинг АТ «Алоқабанк» олдидаги кредит қарздорлигини ўз вақтида қайтармагани маълум бўлган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор номида банк олдидаги мажбуриятлар таъминоти сифатида гаровга қўйилган "HOWO” русумли юк автомобили мавжудлиги аниқланган.
Банк олдидаги қарздорликни қоплаш ва гаров мулки ҳисобидан ундирувни таъминлаш мақсадида мазкур автотранспорт воситаси белгиланган тартибда хатловга олиниб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилади.
Агар қарздорлик белгиланган тартибда бартараф этилмаса, гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан амалдаги қонунчиликда назарда тутилган кейинги ижро чоралари кўрилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА