Янги халқаро йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилади
2026 йил 17 декабрдан Тошкент ва Астрахан ўртасида янги халқаро йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилади. Бу минтақавий ҳамкорликни кенгайтириб, алоқаларни мустаҳкамлайди.
Мамлакатимизда очиқ ва шаффоф олиб борилаётган сиёсат натижасида ҳар бир соҳада халқаро ҳамкорликлар кенгайиб бормоқда. Хусусан, бунда транспорт соҳасидаги ҳамкорликлар ҳам жадал тус олмоқда. Бу ҳам бўлса, дўстона алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши табиий.
Ана шундай изчил меҳнатларнинг самараси ўлароқ, 2026 йил 17 декабрдан бошлаб “Тошкент — Астрахан — Тошкент” йўналишида 149/150-сонли янги халқаро йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилмоқда.
Поездлар ушбу йўналишда ҳафтада бир марта ҳаракатланиши белгиланган. Бунда жадвал қуйидагича тус олган:
150-сонли Тошкент — Астрахан йўналиши:
17 декабрдан бошлаб ҳар ҳафтанинг пайшанба куни соат 18:00 да Тошкент Марказий вокзалидан жўнаб кетади ва шанба куни соат 19:00 да Астрахан шаҳрига етиб боради.
149-сонли Астрахан — Тошкент йўналиши:
20 декабрдан бошлаб ҳар ҳафтанинг якшанба куни соат 02:01 да Астрахан шаҳридан жўнаб кетади ва сешанба куни соат 04:35 да Тошкент Марказий вокзалига етиб келади.
Маълум қилинишича, йўловчилар учун чипталар поезд жўнаш санасидан 45 кун олдин сотувга чиқарилади.
Шербек Исломов,
ЎзА