Раҳбар аёллар: Европа тажрибаси ва замонавий бошқарув кўникмалари
Раҳбар аёллар захирасидаги салоҳиятли номзодлар учун Нидерландия ва Бельгияда халқаро стажировка ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Президент Администрациясининг Давлат хизматида инсон капиталини ривожлантириш лойиҳаси офиси, Европа давлат бошқаруви институти (EIPA) ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув раҳбар аёлларнинг етакчилик салоҳиятини юксалтириш, самарали музокара олиб бориш ва стратегик қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.
Дастурга мувофиқ, машғулотлар Маастрихт шаҳридаги EIPA Бошқарувчилар кенгаши раиси Сесилия Викстрём билан мулоқотдан бошланди. Унда давлат бошқарувида аёллар етакчилигининг аҳамияти, уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва халқаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
EIPA катта эксперти Франк Лаваду раҳбарлигидаги икки кунлик амалий тренингда иштирокчилар музокара стратегиясини ишлаб чиқиш, манфаатдор томонлар билан самарали мулоқот ўрнатиш, ишончни мустаҳкамлаш ва ўзаро мақбул келишувларга эришиш усулларини ўрганди. Симуляцион машқлар орқали ушбу кўникмаларни амалда синаб кўриш имконияти яратилди.

GIZ’нинг Шарқий ҳамкорлик мамлакатларида давлат бошқарувини ислоҳ қилиш бўйича минтақавий лойиҳаси раҳбари Этер Чачанидзе иштирокида “Норасмий таълим ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш” мавзусида ўтказилган интерактив тренингда аёлларнинг касбий ўсишига таъсир қилувчи тўсиқлар, менторлик, ўзаро ўрганиш ва профессионал алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчилар ўз ташкилотларида амалга ошириши мумкин бўлган амалий ташаббусларни ишлаб чиқди.
Стажировканинг Брюссель босқичида Европа комиссияси, Европа парламенти ҳамда Бельгиянинг Федерал сиёсат ва қўллаб-қувватлаш хизмати (BOSA) вакиллари билан учрашувлар назарда тутилган. Мулоқотларда гендер тенглик, аёлларнинг раҳбарликдаги иштироки, давлат хизматида касбий ривожланиш ва замонавий бошқарув ёндашувлари бўйича тажриба алмашилади.
Мазкур стажировка давомида ўзлаштирилаётган билим ва амалий воситалар раҳбар аёлларнинг бошқарув компетенцияларини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари ўртасида касбий ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириш ҳамда илғор тажрибаларни миллий амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА