Уве Кнотцер: Ўзбекистоннинг узоқ муддатли тараққиёт ва саноат салоҳиятига ишонамиз
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодий очиқлик ва саноатни модернизация қилиш жараёнлари хорижий инвесторлар учун янги имкониятлар яратмоқда. Буни мамлакатда 1999 йилдан буён фаолият юритаётган “Knauf Group” компаниясининг тажрибаси ҳам яққол кўрсатади.
Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланган “Ўзбекистон - Германия: 35 йиллик тараққиёт ва ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида “Knauf Group” компаниясининг Ўзбекистондаги кўп йиллик фаолияти, мамлакатимиздаги инвестиция муҳити ҳамда икки давлат ўртасидаги саноат шериклигининг истиқболлари ҳақида сўз юритамиз.
Мазкур лойиҳанинг илк меҳмони “Knauf Group” компаниясининг ижрочи ҳамкори доктор Уве Кнотцер. У Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакат халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади. Шунингдек, юртимиздаги ислоҳотлар, инвестиция муҳити ва Германия билан саноат ҳамкорлигининг истиқболлари ҳақида ўз фикрларини билдирди:
–Ўтган йиллар давомида биз Ўзбекистоннинг сезиларли тараққиётига гувоҳ бўлдик. Мамлакат халқаро ҳамкорлик учун тобора очиқ бўлиб бормоқда, саноат ва инфратузилмага сармоя киритмоқда ҳамда узоқ муддатли инвестициялар учун қулай шароитлар яратмоқда.
“Knauf Group” компанияси Ўзбекистонда 1999 йилдан бери фаолият юритиб, мамлакатга катта сармоя киритган. Биз нафақат қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга, балки касб-ҳунар таълими, технологиялар трансфери ва юқори сифат стандартларини жорий этишга ҳисса қўшаётганимиздан фахрланамиз. Менда энг кучли таассурот қолдирган нарса мамлакатнинг олижаноб мақсадлари ва доимо олға интилиш иродасидир.
Алоҳида таъкидлашга арзийдиган лойиҳалардан яна бири Бухоро вилоятидаги фаолиятимиз. 2009 йилда қуруқ гипс аралашмалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан бошлаб, замонавий гипсокартон корхонасигача бўлган йўлни босиб ўтдик. Бугунги кунда “Knauf” Ўзбекистонда учта гипс ишлаб чиқариш корхонасини бошқаради. Яна бир муҳим босқич бу Тошкентда минерал пахта ишлаб чиқаришни йўлга қўйганимиз бўлди. Бу энергия тежамкор ва барқарор бинолар учун ортиб бораётган талабни қондиришга хизмат қилади.
Аммо энг муҳими бу - инсонлар. Ўтган йиллар давомида биз юқори малакали ва фидойи ўзбек ҳамкасбларимиз билан биргаликда ишладик. Тажрибамиз шуни кўрсатадики, узоқ муддатли муваффақият ишонч, шериклик ва ривожланишга бўлган умумий садоқат замирида қурилади. Инвестор нуқтаи назаридан, иқтисодий очиқликни, саноат тараққиётини ва хусусий ташаббусни рағбатлантирувчи ислоҳотлар алоҳида эътирофга лойиқ. Шунингдек, давлат идоралари ва халқаро бизнес ўртасидаги мулоқотнинг кенгайиши ҳам муҳим.
Келажакка назар ташласак, тартибга солишдаги барқарорлик, ҳалол рақобат ва қабул қилинган қарорларнинг изчил ижроси Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини янада мустаҳкамлайди. Кучли институтлар узоқ муддатли инвестициялар учун калит бўлиб қолмоқда. Мен мамлакатда энергия тежамкор қурилиш, барқарор қурилиш ечимлари, касб-ҳунар таълими, саноат рақамлаштируви ва илғор ишлаб чиқаришда салмоқли салоҳиятни кўряпман.
Германия технологиялар, муҳандислик тажрибаси ва саноат билими билан ҳисса қўша олади. Ўзбекистон эса ўсиб бораётган бозор, ёш ва салоҳиятли кадрлар ҳамда Марказий Осиёдаги иқтисодий марказ сифатидаги тобора муҳим ролни таклиф этади. Ишончим комилки, ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи инновация, кадрлар малакасини ошириш ва узоқ муддатли саноат шериклиги замирида ривожланади.
Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, мамлакатингизга модернизация ва иқтисодий тараққиёт йўлида янги муваффақиятлар тилайман.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон нафақат истиқболли бозор, балки узоқ муддатли саноат ҳамкорлиги учун ишончли шерикдир. Бизнинг 20 йилдан ортиқ тажрибамиз буни яққол исботлади. Мамлакат ўз келажагига сармоя киритмоқда, янги имкониятлар яратмоқда ва минтақадаги муҳим иқтисодий шерик сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Бу эса ҳамкорлигимиз келажагига ишончни янада оширади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА