Тадбиркор учун яна бир қулай имконият
Бугун тадбиркорликни ривожлантириш деганда фақат янги корхоналар ташкил этиш ёки ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш эмас, балки бизнес вакилига ҳар бир босқичда қулай, шаффоф ва замонавий шароит яратиш ҳам назарда тутилади. Айниқса, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланаётган корхоналар учун божхона жараёнларининг соддалаштирилиши, ортиқча вақт ва харажатларнинг қисқариши муҳим аҳамият касб этади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Бу жараёнда божхона соҳасида жорий этилаётган янги механизмлар ҳам тадбиркор учун катта аҳамиятга эга. Ана шундай имкониятлардан бири — ваколатли иқтисодий оператор (ВИО) мақомидир.
Божхона қўмитасининг Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси масъул ходимлари Бухоро вилоятида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларда бўлиб, тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.
Сайёр ўрганишлар жараёнида нафақат божхона қонунчилигига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, балки ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун яратилаётган имкониятлар, божхона расмийлаштирувини соддалаштиришга қаратилган янги механизмлар ҳақида ҳам батафсил тушунтиришлар берилмоқда. Шундай учрашувлардан бири “Merganteks” МЧЖда ташкил этилди. Унда корхонанинг ишлаб чиқариш ва ташқи савдо фаолияти, импорт-экспорт операциялари ҳамда божхона расмийлаштируви жараёнлари атрофлича ўрганилди. Корхона вакилларига ваколатли иқтисодий оператор мақомининг моҳияти, уни олиш учун белгиланган талаблар, тадбиркор зиммасига юкланадиган мажбуриятлар ҳамда мақомга эга бўлган субъектлар учун назарда тутилган енгиллик ва имкониятлар тушунтирилди.

“Merganteks” МЧЖнинг ташқи иқтисодий фаолиятига назар ташланса, корхонанинг ташқи бозор билан қанчалик фаол ишлаётганини кўриш мумкин.
2026 йил давомида корхона томонидан 1 миллион АҚШ доллари қийматидаги, умумий оғирлиги 1 220 тонна бўлган трикотаж ва тўқимачилик саноатида фойдаланиладиган бўёқлар, кимёвий воситалар, ускуналар, бутловчи қисмлар ҳамда бошқа турдаги хомашё ва материаллар импорт божхона режимида расмийлаштирилган. Шунингдек, шу даврда 1,3 миллион АҚШ доллари қийматидаги, умумий оғирлиги 668 тонна бўлган тўқимачилик иплари ва матолари, уруғлар ҳамда бошқа турдаги хомашё маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу рақамлар шунчаки статистик кўрсаткич эмас. Уларнинг замирида иш ўринлари, ишлаб чиқариш қувватлари, янги бозорлар, шартномалар ва энг муҳими, юрт иқтисодиётига қўшилаётган ҳисса мужассам. Шу нуқтаи назардан қараганда, ташқи савдо операцияларини амалга ошираётган корхона учун божхона расмийлаштирувининг тезкор ва қулай бўлиши ишлаб чиқаришнинг узлуксизлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Учрашув давомида корхона вакилларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 августдаги қарори асосида ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш тартиби, унга қўйиладиган талаблар ва ушбу мақомнинг амалий аҳамияти кенг тушунтирилди.
Ваколатли иқтисодий оператор институти, аввало, ташқи иқтисодий фаолияти барқарор ва ишончли ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига божхона операцияларини янада самарали ташкил этиш имконини беради. Бунда асосий эътибор ишонч, қонунийлик ва ўзаро ҳамкорлик тамойилларига қаратилади. Талабларга жавоб берадиган тадбиркор учун божхона жараёнларини соддалаштириш, расмийлаштиришдаги вақтни мақбуллаштириш ва мавжуд имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш учун қўшимча шароитлар яратилади. Энг муҳими, бу механизм тадбиркорни фақат назорат объекти сифатида эмас, балки қонун талабларига риоя қилаётган, ишончли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси сифатида қўллаб-қувватлашга қаратилган ёндашувни англатади.

Бугун жаҳон бозорида рақобат шиддатли. Бирор маҳсулотни экспорт қилиш ёки зарур хомашёни импорт қилишда вақтнинг бой берилиши корхона учун қўшимча харажат ва имкониятларнинг қўлдан чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис божхона соҳасидаги ҳар бир соддалаштириш — тадбиркор учун вақт, вақт эса рақобатбардошлик демакдир.
Ваколатли иқтисодий оператор мақоми ана шу жиҳатдан ҳам аҳамиятли. У ташқи иқтисодий фаолияти юқори бўлган корхоналарга ўз бизнес жараёнларини янада самарали ташкил этиш, божхона расмийлаштируви билан боғлиқ жараёнларни мақбуллаштириш ва ташқи савдо операцияларини тизимли йўлга қўйиш учун қўшимча имконият яратади.
Бухорода ўтказилаётган сайёр ўрганиш ва очиқ мулоқотларнинг аҳамияти ҳам шунда. Тадбиркорга қонунни шунчаки тушунтириш эмас, унинг фаолиятига мос равишда қандай имкониятлар мавжудлигини амалиёт асосида кўрсатиш муҳим.
Бугун давлат идоралари билан тадбиркор ўртасидаги муносабатлар тобора янги мазмун касб этмоқда. Илгари тадбиркор кўпроқ идорага бориб масала ҳал қилган бўлса, бугун масъуллар корхонага бориб, унинг муаммосини жойида ўрганиши, қонунчиликдаги янгиликларни тушунтириши ва мавжуд имкониятларни кўрсатиши муҳим тамойилга айланмоқда. Бу — ислоҳотларнинг инсон ва тадбиркор манфаатига хизмат қилаётганининг амалий ифодасидир. Айниқса, давлат раҳбари томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес учун очиқ ва қулай муҳит яратиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар бугун жойлардаги амалий ишлар билан уйғунлашмоқда. Зеро, тадбиркорнинг вақти тежалса — ишлаб чиқариш тезлашади. Божхона жараёни соддалашса — ташқи савдо айланмаси кенгаяди. Экспорт имкониятлари ошса — янги иш ўринлари ва янги даромад манбалари пайдо бўлади. Шу маънода, ваколатли иқтисодий оператор мақоми — шунчаки янги мақом эмас. Бу қонунга риоя қилган ҳолда самарали ишлаётган тадбиркор учун ишонч, қулайлик ва янги имкониятларга йўл очувчи замонавий механизмдир.
Бугун Бухорода олиб борилаётган тушунтириш ва сайёр ўрганишлар эса ана шу имкониятларни ҳар бир тадбиркорга етказиш, улардан самарали фойдаланишга кўмаклашиш ва пировардида ҳудуднинг ташқи савдо салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири