Уй-жой бозорида йил бошидаги кескин тебранишлардан сўнг барқарорлик кузатилди
Мамлакатимиз иқтисодиётининг флагман тармоқларидан бири бўлган кўчмас мулк бозори жорий йилда ўзининг янги босқичига қадам қўйди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тақдим этилган сўнгги маълумотларга кўра, йил бошидаги кескин ўсиш ва тебранишлардан сўнг республика уй-жой бозорида кутилган мувозанат ва юқори фаоллик сақланиб қолмоқда. Бу эса аҳолининг инвестицион кайфияти, қурилиш секторидаги жонланиш ҳамда ипотека-кредитлаш механизмининг ишлаётганидан далолат беради.
Жорий йилнинг август ойида республика бўйича қарийб 25,1 мингта уй-жой олди-сотди битими расмийлаштирилди. Ушбу рақам ўтган йилнинг август ойидаги кўрсаткичга деярли тўлиқ мос келиб (+0,2 фоиз), бозорда муайян бир турғунлик эмас, балки барқарор шаклланган талаб мавжудлигини кўрсатади. Умумий ҳисобда, йил бошидан бери (январь-август ойларида) Ўзбекистонда уй-жой савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 фоизга ўсиб, 222,5 мингта битимни ташкил этди. Бу кўрсаткичлар секторнинг умумий ҳажми кенгайганини билдиради.
Жорий йилнинг ойлик динамикасини таҳлил қилар эканмиз, бозор ўзгаришларининг ўзига хос хусусиятларига дуч келамиз. Хусусан, март ойида битимлар сони кескин равишда 43,5 мингтагача ошиб, рекорд кўрсаткични қайд этган эди. Бироқ бундай кескин силкинишдан кейин табиий равишда апрель–май ойларида фаоллик пасайди. Шунга қарамай, ёз ойлари — июнь-июль даврида бозор яна жонланиб, ойига 25–26 мингта битимгача тикланди ва август ойида ҳам айнан шундай барқарор кўрсаткич қайд этилди. Бу ҳолат бозорнинг ўзини-ўзи бошқариш ва мувозанатга келиш қобилияти юқори эканлигини англатади.
– Бозордаги умумий тенденциялар билан бир қаторда, ҳудудий кесимдаги фарқлар ва драйверларни ҳам алоҳида қайд этиш лозим, – дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассиси Латофат Бўриева. – Август ойида республикадаги 14 та ҳудуддан фақатгина 6 тасида олди-сотди битимларининг ўсиши кузатилган бўлса-да, асосий савдо ҳажми марказларга тўғри келмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида 7,4 мингта уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштирилди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпдир. Умуман олганда, йил бошидан буён (январь–август) пойтахтда уй-жой савдоси ҳажми 27,5 фоизга ўсган бўлиб, инвесторлар ва харидорлар учун Тошкент ҳамон энг жозибадор ҳудуд бўлиб қолаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, марказдан ташқари ҳудудларда ҳам юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда: жумладан, Сирдарё (25,4 фоиз) ва Андижон вилоятларида (23,8 фоиз) қайд этилган юқори кўрсаткичлар ҳудудий марказларда ҳам кўчмас мулк бозори фаоллашиб, урбанизация ва демографик омиллар кучайиб бораётганини тасдиқлайди.
Умуман олганда, жорий йилнинг ўтган даври таҳлили Ўзбекистон уй-жой бозори ўсиш потенциалини йўқотмаганини, балки спекулятив тебранишлардан қутулиб, барқарор ривожланиш фазасига ўтганини кўрсатмоқда. Олинган натижалар иқтисодиётнинг диверсификацияси, аҳолининг даромадлари ва қурилиш соҳасидаги давлат томонидан кўрилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ўзаро уйғун ҳолда ишлаётганини билдиради. Келгусида бозорнинг барқарорлигини таъминлаш ва нархлар мувозанатини сақлаш учун ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ҳамда ипотека бозорини янада либераллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА