Тадбиркорлик муҳитида янги давр: назоратдан – профилактикага, тўсиқлардан – имкониятларга
Тадбиркорлар куни арафасида – 18 август куни Хива шаҳрида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Аввалги анъанавий мулоқотлар сингари мазкур учрашув ҳам тадбиркорларнинг амалда дуч келаётган муаммоларини тизимли таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш ва тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилгани билан аҳамиятли бўлди.
Хусусан, тадбиркорлик субъектларига ортиқча маъмурий босимни камайтириш, текширувларни тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш жараёнларини соддалаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоя кафолатларини кучайтириш, молиявий қўллаб-қувватлаш ва бизнеснинг барқарор ўсиши учун янги имкониятлар яратиш бўйича қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. 27 август куни эса “Тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
– Фармон билан кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга уч йил муддатга мораторий жорий этилгани тадбиркорлар учун жуда катта имконият бўлди, – дейди Бизнес-омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги шуъбаси етакчи инспектори Шавкат Ҳамдамов. – Эндиликда мораторий талабларига зид равишда кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга йўл қўйилмайди. Мазкур талабларни бузган мансабдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. Эндиликда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида “Самарали назорат” тадбири жорий этилмоқда. Бунда назорат органлари томонидан сўнгги уч йилда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширув материаллари жойига чиққан ҳолда ўрганилади. Агар ўрганиш жараёнида текширувларни ўтказишда қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланса, Бизнес-омбудсман томонидан ваколат доирасида тегишли чоралар кўрилади. Текширув ўтказиш тартиби бузилган ёки ноқонуний текширувлар аниқланган ҳолларда тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади.
Тадбиркорларни асоссиз равишда бир масала юзасидан қайта-қайта текширишнинг олдини олиш мақсадида ҳам муҳим ҳуқуқий механизм белгиланди. 2027 йил 1 январдан бошлаб бир йил давомида тадбиркорлик субъекти фаолиятида ўтказиладиган ҳар қандай такрорий текширув (камерал солиқ текшируви бундан мустасно) Бизнес-омбудсманнинг розилиги билан амалга оширилади
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий кафолатлардан яна бири – тадбиркорлик субъектининг ҳақлиги презумпцияси жорий этилиши бўлди. Унга кўра, давлат органи томонидан акси исботланмагунча, тадбиркорлик субъекти қонунчиликка мувофиқ ҳаракат қилган ва ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган деб ҳисобланади. Шунингдек, давлат органи тадбиркорга нисбатан қабул қилган қарор ёки қўллаган ҳуқуқий таъсир чорасининг қонунийлиги, асослилиги ва мутаносиблигини, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини исботлаши лозим.
Қонунчиликда бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар, ноаниқликлар ва тушунмовчиликлар, шунингдек, давлат органи келтирган далилларнинг етарли эмаслиги сабабли юзага келган шубҳалар тадбиркор фойдасига талқин қилиниши белгиланмоқда. Бу норма давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларда тадбиркорнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.
– Тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималар қўллашда ҳам янги ёндашув жорий этилмоқда, – дея сўзида давом этади Шавкат Ҳамдамов. – 2027 йил 1 январдан “Биринчи хато учун — огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади. Агар тадбиркор биринчи марта қоидабузарлик содир этган бўлса ва бу ҳолат фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига ёки бошқа шахсларнинг мулкига зарар етказмаган бўлса, унга дарҳол жарима қўллаш ўрнига камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади. Бу ёндашув тадбиркорни жазолашдан кўра, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва қонунчилик талабларига риоя этишини таъминлашга қаратилган профилактик механизм ҳисобланади.
2027 йил 1 январдан 2028 йил 31 декабрга қадар ҳуқуқий эксперимент доирасида тадбиркорлар ўз ташаббусига кўра аудиторлик ташкилотини жалб қилган ҳолда солиқлар ва йиғимларни тўғри ҳисоблаш ҳамда тўлаш бўйича аудитдан ўтиши мумкин. Агар аудит натижасида аниқланган хато ва камчиликлар 30 кун ичида бартараф этилса, тадбиркорлик субъектига молиявий жарималар қўлланилмайди. Шунингдек, аудит ўтказилган давр учун, қонунчиликда белгиланган истиснолардан ташқари, солиқ аудити ўтказилмаслиги назарда тутилган.
Фармонда 30 дан ортиқ лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини бекор қилиш ёки тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказиш, лицензия ва рухсат беришдаги бюрократик жараёнлар, муддатлар ва тўловларни қисқартириш, талаб ва шартларда ҳуқуқий аниқликни таъминлаш ҳамда “Лицензия” ахборот тизими имкониятларини кенгайтириш бўйича тегишли қонунчилик ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.
Шу йил якунига қадар кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун “Иккинчи имконият” иқтисодий амнистияси берилиши ҳам муҳим янгиликлардан бири ҳисобланади. Бунда амнистия эълон қилингунга қадар юзага келган солиқ қарзи 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўланганда, ушбу қарздорлик бўйича ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади ва улар билан боғлиқ ижро ишлари тугатилади. Аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботларига солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда тузатиш киритилиб, қўшимча ҳисобланган солиқ суммаси 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўланганда ушбу суммага нисбатан пеня ҳисобланмайди.
Бундан ташқари, фармонда назарда тутилган стартап лойиҳаларни молиялаштириш, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмлари жорий этилиши, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасида халқаро стандартларга жавоб берадиган инфратузилмани ривожлантириш чоралари белгиланиши мамлакатимизда тадбиркорликнинг жадал ривожланаётган йўналишларини янада ривожлантириш имкониятларини кенгайтиради.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири