Уруш ва иқлим инқирози энг қиммат зираворга таҳдид солмоқда
Дунёдаги энг қиммат зиравор – заъфарон геосиёсат, иқлим ўзгариши ва анъанавий таъминот занжири узилиши билан боғлиқ “кучли бўрон” марказида қолди.
“Foreign Policy” нашри ёзишича, Яқин Шарқдаги инқироз ва Эрон атрофидаги беқарорлик аллақачон ушбу “қизил олтин”, дея таърифланадиган зиравор савдосига жиддий таъсир кўрсатди. Айни пайт Кашмирдан Сринагаргача шу соҳада банд савдогар ва фермерлар ноаниқ ҳолатни бошдан кечирмоқда.
Масалан, Кашмирда савдогарлар саноат кескинлашувига гувоҳ бўляпти. Яқин Шарқдаги беқарорлик ва Эрондан экспорт чеклови туфайли минтақа учун асосий хом ашё ҳисобланган Эрон заъфарони юкланган кемалар Дубайда қолиб кетган.

Дунё бўйича заъфарон ишлаб чиқаришнинг 90 фоизи Эронга тегишли. Бу миқдор анъанавий равишда ички талаб таклифдан сезиларли даражада ошадиган Ҳиндистондаги камомадни қоплайди. Афсуски, Ҳурмуз бўғози орқали савдо узилиши ҳамда Теҳрон экспорти камайиши одатий таъминот йўлини бузди. Қолаверса, Кашмирда ҳосил кескин камайиши ҳам бозордаги босимни кучайтирмоқда. Илгари йилига 23 тонна хом ашё етиштирилар эди. Кейинги йиллари бу кўрсаткич тахминан 19,5 тоннага тушиб кетди. Баъзи ҳудудларда фермерлар гуллаш деярли кузатилмаётганини айтган.

Сўнгги пайт иқлим ўзгариши, инфратузилма билан боғлиқ муаммо ва геосиёсий беқарорлик глобал тус олмоқда. Бу омиллар асрлар давомида минтақанинг иқтисодий ва маданий ўзига хослигини белгилаб берган саноат тармоғи омон қолишига таҳдид солувчи инқирозни келтириб чиқармоқда. Экспертлар бу ҳолат шунчаки зиравор бозори масаласи эмас, балки қайта тиклаш имкони батамом йўқоладиган ноёб маданий меросдан ажралиш хавфи ҳам эканини таъкидламоқда.
Заъфарон дунёдаги энг қиммат хушбўй зиравор бўлиб, ўсимлик гулини қуритиш йўли билан олинади.
С.Раҳимов, ЎзА