Ўзбекистон – Саудия: Шериклик мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлари муҳим дипломатик музокарада ҳамкорликни янада кучайтириш йўналишларини белгилаб олдилар.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳон Ол Сауд билан учрашди. Мулоқот аввалида Президент Шавкат Мирзиёев номидан Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳамда Валиаҳд шаҳзода, Бош вазир Муҳаммад бин Салмонга йўлланган самимий салом ва эзгу тилаклар етказилди.
Учрашув давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга масалалар, жумладан Яқин Шарқдаги вазият муҳокама қилинди. Томонлар муаммони ҳал этишда мулоқот ва дипломатия муҳим ўрин тутишини таъкидладилар. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Мамлакатлар раҳбарлари томонидан яратилган мустаҳкам асосга таянган ҳолда, шериклик тобора чуқурлашиб бораётгани эътироф этилди.
Музокара якунида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш ва яқин мулоқотни давом эттириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олинди. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги муносабатни янада ривожлантириш устувор вазифа экани қайд этилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА