Ўзбекистон ва Кўрфаз давлатлари ҳамкорлиги янги босқичда
Ўзбекистоннинг Кўрфаз давлатлари билан муносабатида янги стратегик уфқлар очилмоқда. Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Кенгаш Бош котиби билан учрашуви ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини намоён этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жосим Муҳаммад Ал-Будаивий билан учрашди. Мулоқот давомида мамлакатимизнинг мазкур Кенгаш билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатъий интилиши тасдиқланди. Томонлар турли йўналишларда изчил ривожланиб бораётган алоқаларнинг ижобий суръатини мамнуният билан қайд этдилар.
Музокарада бўлажак қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш, шунингдек иқтисодий, инвестициявий ҳамда ўзаро боғлиқликни кучайтиришга қаратилган амалий ташаббуслар илгари суриш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга савдо-иқтисодий алоқани кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳалари амалга ошириш ва транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида ҳар икки томон ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, амалий алоқаларни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни изчил амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА