Теҳрон – Вашингтон мулоқоти: Эрон тинчлик режасига АҚШ жавоб қайтарди
Эрон минтақадаги кескинликни сусайтириш мақсадида АҚШга 14 банддан иборат тинчлик режаси таклиф қилди. Ушбу кенг қамровли ҳужжат икки давлат ўртасидаги мураккаб дипломатик мулоқотнинг навбатдаги босқичи сифатида кўрилмоқда.
Ислом Республикаси ҳукумати минтақавий можарони бартараф этиш ва вазиятни барқарорлаштириш мақсадида янги режа тақдим этди. Бу ҳужжат Вашингтон аввалроқ берган 9 бандли таклифга жавоб ўлароқ ишлаб чиқилган. Теҳрон томони икки ойлик муваққат сулҳни рад этиб, ҳар қандай муаммони 30 кун ичида ҳал қилиш ва урушни бутунлай тўхтатиш лозимлигини талаб қилмоқда.
Эрон тинчлик режаси қуйидаги муҳим талабларни ўз ичига олган:
– АҚШ қўшинини қўшни ҳудудлардан олиб чиқиш ва денгиз қамалини бекор қилиш;
– Эроннинг музлатилган маблағини қайтариш ва иқтисодий санкцияни бекор қилиш;
– Ҳарбий тажовуз қилмаслик бўйича кафолат бериш ва етказилган зарарни қоплаш;
– Ливандаги ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш ва Ҳурмуз бўғозида хавфсизликни таъминлаш.
Мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий маълум қилишича, АҚШ мазкур таклифга Покистон дипломатик каналлари орқали жавоб йўллаган. Ҳозир Теҳрон ҳужжатни синчиклаб ўрганмоқда. Шунга қарамай, Президент Дональд Трамп Ислом Республикаси илгари сурган шартлар қабул қилиниши эҳтимоли пастлиги, бундай қадам Вашингтон учун ҳозирча мақбул эмаслигини таъкидлаган.
Гарчи, расмий Теҳрон ядровий музокара қайта бошланганини ҳали тасдиқламаган бўлса-да, муайян ҳужжатлар алмашинуви ўзаро дипломатик мулоқот узилиб қолмаганидан дарак беради. Яъни, мазкур жараён минтақадаги кескинликни пасайтириш йўлидаги мураккаб, аммо муҳим сиёсий қадам сифатида кўрилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА