Умидвор кўнгилларга ҳаётбахш туҳфа
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган хайрли тадбирлар орасида беғараз донорлик акциялари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Зеро, инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қиладиган ҳар бир хайрли амал эзгулик ва инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги беғараз донорлик акцияси ҳам ана шундай савобли ташаббуслардан биридир. Акциянинг асосий мақсади оғир хасталикларга қарши курашаётган, донор қонига эҳтиёж сезаётган болажонларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда донорлик маданиятини кенг тарғиб қилиш ва инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлашдан иборат.

Мазкур ташаббус Тошкент вилоятида ҳам юқори савияда ташкил этилди. Нурафшон шаҳридаги Тошкент вилояти қон қуйиш станциясида ўтказилган тадбир юзлаб фидойи инсонларни бир мақсад – бемор болаларга ёрдам бериш йўлида бирлаштирди. Акцияда партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, корхона ва ташкилотлар ходимлари, ёшлар ҳамда кўнгилли фуқаролар фаол иштирок этди.

Тадбир давомида қон топшириш учун келган фуқароларнинг кўплиги юртимизда меҳр-оқибат ва саховат туйғулари юксак эканини яна бир бор намоён қилди. Ҳар бир донорнинг эзгу нияти ортида кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш, бемор болаларга умид бағишлаш истаги мужассам эди.

— Нурафшон шаҳар ёшлари ушбу акцияда катта қизиқиш билан иштирок этди, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими раҳбари Миркарим Аҳмаджонов. — Донорлик орқали биз нафақат бемор болаларга ёрдам берамиз, балки жамиятда инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшамиз.


Муҳими, “Бор меҳримиз сенга, болажон!” акцияси нафақат донорлик ҳаракатини ривожлантиришга, балки жамиятда меҳр-оқибат, бағрикенглик ва инсон қадрини улуғлаш каби юксак қадриятларни қарор топтиришга ҳам хизмат қилмоқда. Шу сабабли бу каби тадбирларни бошқа ҳудудларда ҳам ўтказиш режалаштириляпти.
А.Мусаев,ЎзА