Гиёҳвандликка қарши курашишда ОАВ билан ҳамкорлик муҳим
Хоразм вилояти божхона бошқармасида ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида матбуот анжумани ва пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир давомида божхона органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик билан самарали мулоқотни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, гиёҳвандликка қарши курашишда ҳамкорлик масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирда бошқарма бошлиғи Шавкат Тўраев бугунги кунда давлат органлари фаолиятида очиқлик сиёсатини изчил амалга ошириш, аҳолига тезкор, холис ва ишончли ахборот етказишда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
Анжуманда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ҳудудда фаолият юритиб, ўз касбига юксак масъулият ва садоқат билан ёндашаётган, жамиятда очиқлик, холислик ҳамда ҳаққоний ахборот муҳитини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ журналистлар ҳамда блогерлар тақдирланди.
Шунингдек, тадбирда бошқарма томонидан 26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш борасида божхона органлари томонидан амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда божхона органлари томонидан мамлакат ҳудудига гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб кирилиши ва тарқалишининг олдини олиш, контрабанда ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда трансмиллий ноқонуний айланмага қарши самарали курашиш мақсадида замонавий техник воситалар, риск таҳлили тизимлари ҳамда махсус тайёргарликка эга хизмат итлари ёрдамида назорат тадбирлари янада кучайтирилмоқда.
Хусусан, Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан 2026 йил бошидан бугунги кунга қадар 14 та ҳолатда жами 4 килограмм 355,36 грамм гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Шундан, 1355,06 грамм “опий”, 1735,2 грамм “героин”, 162,37 грамм “гашиш”, 659,66 грамм “марихуана”, 11 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги, шунингдек 297,47 грамм “мефедрон” ҳамда 145,6 грамм “спайс” туридаги синтетик гиёҳвандлик воситаларига тўғри келади.
Тадбир якунида иштирокчилар учун божхона органлари кинология хизмати мутахассислари ҳамда махсус тайёрланган хизмат итлари иштирокида гиёҳвандлик воситаларини аниқлаш, қидирув ва текширув жараёнларини амалий тарзда намойиш этувчи кўргазмали чиқишлар ташкил этилди.
[gallery-30072]
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат)
ЎзА мухбирлари