Самарқанд Кўктоши: Бухоро амирлари талпинган сиёсий рамз
Кишилик тарихида баъзи ашёлар оддий жисм бўлишдан юқорилаб, бутун бир миллатнинг давлатчилик тафаккури, ҳукмдорлик рамзи ва сиёсий қонунийлик тушунчаларининг тимсолига айланади.
Буюк Британия учун бу Шотландия тожини кийдиришда ишлатиладиган “Тақдир тоши” бўлса, дунёнинг энг қадимги монархияси Японияда бу “Хризантема тахти”дир. Бундай нодир рамзлар ҳукмдорнинг шахсидан ҳам юқори турувчи, унинг ҳокимиятига илоҳий ёки тарихий ҳаққонийлик бағишловчи воситага айланади. Мовароуннаҳр заминида ана шундай бебаҳо, беш асрдан ортиқ вақт мобайнида Марказий Осиё тақдирида муҳим ўрин тутган рамз – бу Самарқанддаги машҳур Кўктошдир.
Бу оддий мармар парчаси эмас, балки Амир Темур сиёсий даҳосининг маҳсули, унинг янги салтанати пойдеворига қўйилган тамал тоши эди. Соҳибқирон Самарқанд аркида қад ростлаган, Мирзо Бобур “бисёр олий иморат” дея таърифлаган тўрт қаватли муҳташам Кўксаройнинг энг юқори қисмига, тахтхонага айнан шу тошни ўрнатди. Бунда чуқур сиёсий-рамзий маъно бор эди. У ўзининг ҳокимияти нафақат қилич кучига, балки мустаҳкам қонун устунларига ва тарихий анъаналарга асосланганини кўрсатишни истаган. Кўктош – ўтроқ давлатчилик маданияти ва кўчманчи ҳарбий салоҳиятни бирлаштирган янги империянинг тимсолига айланди. Соҳибқирон ушбу тахтда ўтириб элчиларни қабул қилар, давлат кенгашларини ўтказар, фуқароларнинг арзини тингларди. Шу тариқа, Кўктош адолат ва қонунийлик манбаи сифатида халқ онгига сингиб борди.
Амир Темурнинг вафотидан сўнг бошланган тахт учун курашлар даврида Кўктошнинг аҳамияти янада ортди. У энди шунчаки тахт эмас, балки олий ҳокимиятга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи рамзга айланди. Кимда-ким Самарқандни эгаллаб, Кўктошга ўтирса, ўша давлатнинг қонуний ҳукмдори саналар эди. Шу сабабли темурий шаҳзодалар – хоҳ улар Мирзо Улуғбек ёки Халил Султон бўлсин – ўз ҳукмронликларини айнан шу маросим орқали мустаҳкамлаганлар. Улар Кўктошга чиқиш орқали нафақат сиёсий, балки маънавий жиҳатдан ҳам буюк соҳибқирон меросига ворис эканликларини намойиш этганлар.
Энг қизиғи, Мовароуннаҳрда ҳокимият Темурийлар қўлидан кетиб, аввал Шайбонийлар, сўнгра Аштархонийлар ва Манғитлар сулоласи қўлига ўтганида ҳам Кўктош ўз мақомини буткул йўқотмади. Аксинча, унинг сиёсий-рамзий вазни янада ортди. Аслида янги сулолалар учун ўзларининг янги рамзларини яратиш мантиқлироқ туюлиши мумкин эди. Бироқ улар ўзларидан олдинги, баъзан душман бўлган сулола тахтидан воз кечмадилар. Бунинг сабаби шундаки, Кўктош энди Амир Темурга эмас, балки Мовароуннаҳрдаги давлатчиликнинг ўзига тегишли рамзга айланиб улгурган эди. Унга ўтириш – бу ўша заминнинг, ўша халқнинг тарихий хотираси ва анъаналарини тан олиш, ўзини шу тарихнинг бир қисми ва давомчиси деб эълон қилиш дегани эди.
Айниқса, пойтахт Самарқанддан Бухорога кўчирилган даврларда бу анъана янада ёрқинроқ намоён бўлади. Бухоронинг айрим амирлари тахтга чиққач, атайин катта тантаналар билан Самарқандга сафар уюштириб, Кўктошга ўтириш маросимини ўтказганлар. Бу сафарнинг ўзи улкан сиёсий аҳамиятга эга эди. Бу билан улар нафақат ўз ҳокимиятларини қонунийлаштирганлар, балки бутун мамлакатга Самарқанднинг тарихий мақоми ҳамон баланд эканини, янги ҳукмдор бутун Мовароуннаҳрнинг, жумладан, Темур салтанатининг ҳам вориси эканини кўрсатганлар.
Бу маросимнинг нақадар муҳимлигини 1860 йилда амир Музаффарнинг тахтга ўтириши мисолида яққол кўриш мумкин. Бу шунчаки тахтга чиқиш эмас, балки қадимий туркий анъаналар ва исломий маросимлар қоришмасидан иборат мураккаб сиёсий жараён эди. Амирни махсус тайёрланган оқ кигизга ўтқизиб, Бухоро амирлиги таркибидаги минг, кенагас, манғит, найман, қипчоқ каби ўзбек уруғларининг бошлиқлари ва амалдорларнинг бошлари узра кўтариб, Кўктошга олиб боришлари – бу қадимги хон сайлаш анъаналарининг ўн тўққизинчи асрдаги кўриниши эди. Бу рамзий ҳаракат амирнинг ҳокимияти якка шахснинг эмас, балки барча уруғлар ва элатларнинг умумий розилиги ва қўлловига асосланганини англатган. Бу – ўзига хос ижтимоий келишувнинг оммавий намойиши эди. Тарихчиларнинг ёзишича, амир Насруллони Кўктошга ўтқизишганда халқ қийқириб, олқишлаган, Музаффар тахтга чиққанида эса атрофни жимлик қоплаган. Бу кичик тафсилотнинг ўзи янги ҳукмдорнинг халқ орасидаги обрўси ва ўша даврдаги сиёсий вазият ҳақида кўп нарсани англатиб турибди.
Вақт ўтиши билан Кўксарой харобага айланди, аммо Кўктош учун Бухоро амирлари махсус бино қурдириб, уни асраб-авайладилар. Бироқ, Россия империясининг истилосидан сўнг унинг тақдири кескин ўзгарди. У энди амалдаги ҳокимият рамзи эмас, балки ўтмишнинг ёдгорлигига, сайёҳлар ва тарихчилар учун қизиқарли экспонатга айланди. Тарихчи олим Амриддин Бердимуродовнинг ёзишича, узоқ йиллар ҳарбий гарнизон ичида қаровсиз қолган бу тош XX асрнинг 60-йилларидагина Амир Темур мақбараси ҳовлисига кўчириб ўтказилди.
Бугунги кунда Амир Темур мақбараси ҳовлисида, очиқ осмон остида турган Кўктош жимгина ўзининг буюк ва мураккаб тарихини ҳикоя қилаётгандек. У энди тахт эмас. Лекин у оддий тош ҳам эмас. У – Темур салтанатининг қудратли пойдеворидан тортиб, сўнгги Бухоро амирларининг нотинч давригача бўлган беш асрлик ўзбек давлатчилигининг жонли солномаси, сиёсий мерос ва тарихий хотиранинг ёдномасидир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА