Ўзбекистон – Туркия: пенсия ва ижтимоий таъминот соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Шу кунларда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси делегацияси Туркиянинг Кушадаси шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида мамлакатимиз делегацияси, Туркия Республикаси Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ҳамда Ижтимоий таъминот муассасаси (SGK) вакиллари иштирокида пенсия ва ижтимоий таъминот соҳасидаги музокараларнинг иккинчи босқичи ўтказилмоқда.
Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасидаги Ижтимоий таъминот тўғрисидаги битим ҳамда уни амалга ошириш бўйича маъмурий келишув лойиҳалари муҳокама қилинди.
Томонлар аввалги босқичда кўтарилган масалаларни яна бир бор кўриб чиқиб, битим ва маъмурий келишув лойиҳалари матнларини тўлиқ мувофиқлаштириш, шунингдек, уларни имзолашга тайёр ҳолатга келтириш юзасидан музокараларни давом эттирмоқда.
Жамғарма ахборот хизмати қайд этганидек, мазкур ҳужжатлар икки давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг пенсия ва ижтимоий таъминот ҳуқуқларини таъминлаш, пенсия таъминоти соҳасидаги томонлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу саъй-ҳаракатлар икки мамлакат ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни янада ривожлантириш ва фуқароларнинг ижтимоий кафолатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА