Украина қийин танлов қаршисида: Ғарб ёрдами камаймоқда (+видео)
Франция ва Италия Киев учун АҚШ қуролини сотиб олишдан бош тортди. Бу ҳақда “Politico” нашри ёзмоқда. НАТОнинг Украинага ёрдам бериш ҳақидаги ваъдасидан фарқли ўлароқ, амалда ажратилган маблағ ҳам тўлиқ етиб бормаган. Киев эса қишда Украина жиддий йўқотишларга учраши ва яна бир қатор ҳудудларини бой бериши мумкинлигидан хавотирда.
Украина яна бир бор иттифоқчиларидан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун ўта зарур воситалар ва молиявий ёрдам сўради.
– Ҳақиқатан жиддий хавотирдамиз, – деди Украинанинг НАТОдаги элчиси Алёна Гетманчук. – Низо бошланганидан бери мамлакатимиз ракета ҳужумидан ҳимояланиш борасида ҳозиргидек заиф аҳволда бўлганини эслай олмайман.
Киевда ракета тўсувчи воситалар ҳам, молиявий маблағ ҳам етишмаяпти. Абу-Дабида тинчлик музокараси давом эттирилгандан кейин Москва зиддиятни тугатиш бўйича талабини янада кучайтиряпти.
Украинанинг бундай мурожаати бўлажак тинчлик музокарасида Киев жиддий ён беришга мажбурлигини англатади. Москва Киевдан Донбассдаги мустаҳкам мудофаа ҳудудидан қўшинини олиб чиқиш, НАТОдан эса 1997 йилдаги чегараларига қайтишни талаб қилмоқда.
Бошқача айтганда, Россия НАТО кучларининг Польша ва Болтиқ бўйи давлатларидан олиб чиқилиши, Финляндия эса альянс таркибидан чиқишини хоҳлаяпти.
Иттифоқчилар эса янги молиявий ёрдам ва қурол-яроқ етказиб бериш бўйича мажбуриятини эълон қилиши кутиляпти. Бинобариин, иттифоқчиларнинг Украинага ёрдамни сезиларли даражада оширишга тайёр эмаслиги ҳам билиниб қолди.
Киев қайта-қайта ёрдам сўрашига қарамай, ушбу давлатларнинг кўпчилиги ўз захирасидаги ракеталарни беришдан бош тортмоқда. Айрим мамлакатлар АҚШдан янги ракета етказиб берилиши бир неча йилга чўзилиши мумкинлиги сабабли таклифга шубҳа билан қараяпти.
Украина тинчлик музокараси олдидан ҳарбий имкониятини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Фақат Европа давлатлари ўз аслаҳа захираси камайишини истамаётгани ва натижада молиявий ёрдам кечикаётгани Киев хавотирини кучайтирган.
Кенжа Бекжонов,
Анвархўжа Аҳмедов (видео),
ЎзА