Хитойдаги тарихий учрашувдан нима кутиш мумкин? (+видео)
Шу кунларда Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити ўтказилмоқда. Мазкур анжуман доирасида бугун АҚШ, Хитой ва Россия раҳбарлари илк бор уч томонлама учрашув ўтказиши кутиляпти, дейилган “Euronews” хабарида.
Си Цзиньпин Трампни аэропортда шахсан ўзи кутиб олди. Бу ҳолат икки давлат ўртасидаги муносабатни юмшатишга қаратилган дипломатик ишора сифатида баҳоланмоқда. Учала раҳбар кечқурун расмий қабул маросимида ҳам суҳбатлашди.
Асосий мулоқот чоғи ядро қуролини назорат қилиш, Эрон ва Шимолий Корея масалалари муҳокама қилиниши кутиляпти. Россия – Украина низоси мавзуси расман кун тартибига киритилмаган. Трамп эса можарони тугатиш бўйича томонлар келишувга яқинлашганини айтган.
Кремль Трамп ва Путиннинг алоҳида учрашувини ташкил этиш бўйича иш олиб борилаётганини билдирди. Трамп КХДР етакчиси билан учрашиш имкониятини ҳам истисно қилмаган.
Си Цзиньпин эркин савдони қўллаб-қувватлаб, божни камайтириш ва хорижий сармоядорлар учун қулай шароит яратишга ваъда берди. Путин эса Ғарб санкцияси ва савдо чекловини танқид қилди.
АҚШ ва Хитой ўртасидаги асосий келишмовчилик савдо божи ва замонавий митти чип етказиб беришга қўйилган чеклов ҳисобланади. Музокарада Тайвань масаласи ҳам кўрилиши мумкин.
Хуллас, дунёнинг уч йирик давлати етакчилари ядровий хавфсизлик, халқаро савдо ва геосиёсий муаммолар юзасидан олиб бораётган мулоқотлар жаҳон сиёсатининг кейинги йўналишлари ҳамда глобал хавфсизлик муҳитининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Кенжа Бекжонов,
Салимжон Обиджонов (видео),
ЎзА